Иброҳим Раҳим - адабиётга садоқат ва Ватанга муҳаббат тимсоли
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўзбек адабиётининг забардаст намояндаларидан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Иброҳим Раҳим таваллудининг 110 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Атоқли адибнинг ҳаёти ва ижодий меросини ёд этишга бағишланган тадбирда адабиёт ва санъат намояндалари, олимлар, шоир ва ёзувчилар, журналистлар ҳамда адибнинг яқинлари иштирок этди.
Хотира кечаси давомида Иброҳим Раҳимнинг миллий адабиётимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси, асарларида тараннум этилган Ватанга муҳаббат, инсон қадри, меҳнатга садоқат ва фидойилик ғоялари ҳақида сўз юритилди. Адибнинг серқирра ижоди, ҳаёт ҳақиқатини бадиий ифодалаш маҳорати ва авлодлар маънавиятини юксалтиришдаги ўрни яна бир бор эътироф этилди.
Тадбирни Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо олиб борди. Устоз ижодкорнинг ҳаёт йўли ва адабий меросига бағишланган чиқишлар, самимий хотиралар ва фикр-мулоҳазалар даврага ўзига хос маънавий муҳит бағишлади.
Хотира кечасида «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, филология фанлари доктори Мухтор Худойқулов, «Дўстлик» ордени соҳиби Турсун Али, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, ёзувчи ва журналист Абдунаби Бойқўзиев, шоира Зуҳра Алиева, «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, адибнинг қизи, санъатшунослик фанлари номзоди, профессор Зуҳра Раҳимова ва бошқалар сўзга чиқди.
Нотиқлар Иброҳим Раҳимнинг миллий адабиётимизга ҳалол ва виждонан хизмат қилган, миллий маънавиятимиз, ўзбек насри, драматургияси ва кинодраматургияси ривожига қўшган ҳиссаси, инсон характерини очиб беришдаги маҳорати, замон қаҳрамонлари образини яратишдаги ўзига хос ёндашуви хусусида фикр билдирди. Адибнинг ижодий изланишлари, адабиётга муносабати ва инсоний фазилатлари билан боғлиқ хотиралар ўртоқлашилди.
«Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ўз сўзида адабиётнинг бош вазифаси инсонни англаш, ҳаёт ҳақиқатини чуқур ўрганиш ва ўқувчини фикрлашга ундаш эканини таъкидлади.
– Аввало, ҳаётни чуқур ўрганиш, инсонни тушуниш ва даврнинг муҳим масалаларига бефарқ бўлмаслик зарур. Адабиёт фақат чиройли сўзлар йиғиндиси эмас, у инсон қалбига йўл топиши, ўқувчини фикрлашга ундаши керак. Иброҳим Раҳим ижодидаги ҳаётийлик, меҳнаткаш инсонларга эътибор ва воқеликни бадиий акс эттиришга интилиш ёш қаламкашлар учун муҳим ижодий сабоқ бўла олиши билан аҳамиятли, – деди Аҳмаджон Мелибоев.
Дарҳақиқат, Иброҳим Раҳим асарларининг умрбоқийлиги, аввало, ҳаётга яқинлиги, инсон тақдирига эътибори ва замон нафасини бадиий ифодалай олганида намоён бўлади.
Иброҳим Раҳимнинг ижодий фаолияти 1938 йилдан бошланган. Адибнинг илк йирик асари — чегарачилар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи «Баҳодир» достони 1939 йилда яратилган. Шундан сўнг у ўзбек адабиётида меҳнат фидойилиги, Ватанга садоқат, инсон иродаси ва тарихий давр руҳини акс эттирувчи асарлари билан китобхонлар эътиборини қозонди.
Ёзувчининг «Ҳаёт булоқлари» романи 1953 йилда ёзилиб, адабий танқидчиларнинг фикр-мулоҳазалари асосида қайта ишланган ва 1958 йилда «Ихлос» номи билан нашр этилган. «Чин муҳаббат», «Фидойилар», «Генерал Равшанов», «Тинимсиз шаҳар», «Тақдир», «Оқибат» каби романлари, «Ҳилола», «Зангори кема капитани» ва «Оловкор» қиссалари адибнинг серқирра ижодий салоҳиятини намоён этади.
Ушбу асарларда инсоннинг ички кечинмалари, ҳаёт синовлари, жамият олдидаги масъулияти ва эзгу мақсадлар йўлидаги интилиши бадиий ифодасини топган. Адиб қаҳрамонлари орқали китобхонни ҳаёт ҳақида мушоҳада юритишга, инсон қадрини англаш ва меҳнатни улуғлашга чорлайди.
Иброҳим Раҳим наср билан бир қаторда драматургия соҳасида ҳам самарали ижод қилди. Унинг «Жоним фидо» ва «Чақмоқ» драмаларида инсон жасорати, Ватанга садоқат ва озодлик учун кураш мавзулари ёрқин акс этган. «Фарҳоднинг жасорати» кинофильми муаллифи сифатида ҳам миллий санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган.
Адибнинг адабиёт ва санъат соҳасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. Унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» ва «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» фахрий унвонлари берилган. Шунингдек, «Дўстлик» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланган.
Бундай маънавий учрашувлар ўтмиш ва бугун ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлайди. Устоз адиблар қолдирган адабий меросни ўрганиш, уларнинг ижодий тажрибасини ёш авлодга етказиш ва миллий адабиётимиз тарихига ҳурмат руҳини шакллантиришга хизмат қилади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири