Ибратли учрашув
Қўнғирот туманидаги 43-сонли умумтаълим мактабида судьялар олий кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси суди ташаббуси билан жойларда суд фахрийларининг ибратли ҳаёт йўлига бағишланган “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Учрашув мазкур таълим муассасасининг собиқ ўқувчиси, суд тизими фахрийси Арзибийке Жанибекованинг шарафли ҳаёт йўлига бағишланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси Парахат Айтниязов, Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси Камал Тарихов ва бошқаларнинг таъкидлаганидек, жамият тараққиёти, унинг маънавий қиёфаси ва келажак авлод камолоти, аввало, эл-юрт манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган инсонларга бўлган муносабат билан ўлчанади. Зеро, умрини халқ хизматига бағишлаган, адолат ва инсоф тамойилларига содиқ қолган инсонларни эътироф этиш бу нафақат ҳурмат, балки жамиятнинг ўз қадриятларига бўлган садоқатини намоён этади.

Учрашувда сўз олганлар Арзибийке Жанибекованинг кўп йиллик самарали меҳнат фаолияти, суд тизими ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ва бой ҳаётий тажрибаси ҳақида тўхталди. Унинг фаолияти барча судьялар учун ибрат мактаби, умр йўли эса ёшлар учун ҳақиқий намуна экани алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида мактаб жамоасига Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари, шунингдек, китоблар жамланмаси топширилди. Судьялар олий кенгаши томонидан таълим муассасасига Арзибийке Жанибекованинг меҳнат фаолиятини акс эттирувчи махсус пешлавҳа тақдим этилди. У судьялар ҳамжамиятининг ушбу даргоҳга бўлган юксак эҳтироми ва келажак авлодга билдирилган ишонч рамзи сифатида алоҳида аҳамият касб этди.

Самимий мулоқотлар давомида устознинг болалик ва мактаб даврлари ёдга олинди. Тадбир мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури билан янада файзли тус олди.
Учрашув якунида меҳмонлар мактаб ҳовлисига манзарали дарахт кўчатлари экиб, таълим муассасаси ободончилигига ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.