“Ибратли оила” — жамият таянчи ва келажак пойдевори
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Оиламиз – келажагимиз” ойлиги доирасида Бухоро вилоятида ҳам “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Бухоро вилоятида 615 минг 418 та оила тинч-тотув, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат асосида ҳаёт кечирмоқда. Қувонарлиси, вилоятда ибратли ва намунавий оилалар сони йил сайин ортиб бормоқда. Хусусан, 2024 йилда вилоятдан 13 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишонига муносиб кўрилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 137 тага етди. Жорий йилда эса яна 109 та хонадон соҳиблари ўзларининг мустаҳкам оилавий қадриятлари, фарзанд тарбиясидаги ибратли фаолияти ва жамиятдаги намунавий ҳаёт тарзи учун ушбу нишонга сазовор бўлишди.
Тақдирланганлар орасида Бухоро шаҳридан Акрам Миров, Когон шаҳридан Ўлмас Ҳотамов, Вобкент туманидан Шомурод Ражабов, Жондор туманидан Мурод Яхшиев, Шофиркон туманидан Мизроб Саломов, Олот туманидан Шуҳрат Бозоров, Ромитан туманидан Ҳикматилло Шарипов, Қоровулбозор туманидан Раҳматилло Яҳёев, Ғиждувон туманидан Собир Азизов, Пешкў туманидан Шуҳрат Файзуллаев, Когон туманидан Камол Пўлатов каби юртга намуна бўлаётган фидойи инсонлар борлиги барчада фахр ва ифтихор туйғусини уйғотди. Уларга кўкрак нишони ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
[gallery-29493]
Сўз олган ибратли оилалар вакиллари давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун самимий миннатдорлик билдириб, оила институтини мустаҳкамлаш жамият тараққиёти, ёшлар тарбияси ва миллат келажагининг энг муҳим омили эканини таъкидлашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари