Ибратли ҳарбий оила – келажак авлод учун намуна
ФОТОРЕПОРТАЖ
Миллий маданият, урф-одат ва уни асраш, ҳарбий оилаларда оила фаровонлигини таъминлаш ҳамда туғилиб ўсган юртидан узоқда яшаётган оилаларни бирлаштириш мақсадида Термиз гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласиман!” шиори остида “Ибратли ҳарбий оила” кўрик-танловининг қўмондонлик босқичи бўлиб ўтди.
Самимий ва дўстона рақобат руҳида кечган танловда ҳарбий оилалар “Оилам – менинг бахтим”, “Дартс”, “Шеърият гулшани”, “Оилам – менинг фахрим”, “Санъатим – саодатим” шартлари асосида ўзаро беллашди.
[gallery-28803]
Иштирокчилар саҳна ёрдамида меҳр-оқибат, ҳурмат, ҳамжиҳатлик, фарзандлар тарбиясига эътибор каби қадриятларни намоён этиб, чин маънода ибратли оила эканликларини исботлади.
Ҳар галгиданда қизиқарли ва ҳаяжонли кечган баҳслар ҳакамлар ҳайъатига энг муносиб ғолибни аниқлашда анча мураккаблик туғдирди. Адолатли ва шаффоф баҳолаш тизими асосида икки нафар фарзанднинг ота-онаси бўлган, кичик сержант Наврўз Муҳаммедов ва Зарина Қўзиева оиласи биринчи ўринни эгаллади. Эндиликда ушбу оила кўрик-танловнинг Мудофаа вазирлиги босқичида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги қўмондонлик шарафини ҳимоя қилади.
Танлов ғолиблари ва совриндорлар қўмондонликнинг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА