Фарғона имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумида бугунги кунда 450 нафар ўқувчи билим олиб, касбга ўргатилмоқда. 2024-2025 ўқув йилида махсус техникум битирувчиларидан 27 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган, 17 нафари давлат ташкилотларига ишга жойлашган, 16 нафари тадбиркорлик билан шуғулланиб, турли сохаларда ўз-ўзини банд қилганлар. 2025 йилда касблар олимпидасида қатнашган 2 нафар “Тикувчилик” йўналиши ўқувчиси ва 4 нафар “Рақамли ахборотларни қайта ишлаш” йўналиши ўқувчиси Республика олимпиадасида 1-ўрин соҳиби бўлган.
Бундай натижаларни ҳар бир техникум жамоаси орзу қилади. Бу аслида мазкур ўқув ва касб маркази учун ҳам орзу эди. Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги техникумни ўз тасарруфига олгач, бу ерда 21 миллиард сўм сарфланиб, бино- иншоотлар мукаммал таъмирланди, 3 миллиард сўмлик ўқув ва устахона жиҳозлари келтириб ўрнатилди. Агар илгари ўқувчиларга 7 та йўналишда касбга ўргатилса, энди унинг сони 16 тага етди. Техникумда ўқувчиларга билим бериш, улар танлаган касбга ўргатиш билан бирга энди тадбиркорликка йўналтириш ҳам йўлга қўйилди. Бунинг учун 16 та касб соҳаси устаси бўлган тадбиркорларни ҳамкор сифатида жалб этдилар.

– Тадбиркорлар касбий фаолият юритишда учраши мумкин бўлган муаммоларни ва уларни ҳал этиш йўлларини ҳам ўргатадилар, – дейди техникум директори Озодахон Раҳмонова. – Ўқувчилар маълум малакага эга бўлгач, уларни тадбиркорлар ишга қабул қилишди. Масалан, 12 та ўқувчимиз ўқишдан сўнг тикувчилик билан шуғулланади. Улар ишга қабул қилинди, тегишли рўйхатдан ўтказилди. Аслида бу техникумдаги дуал таълимнинг ўзига хос кўринишидир.

Таълимни ишлаб чиқариш жараёнлари билан мужассамлаштириш мақсадида “УЗСАЛАМАН” АЖ корхонаси билан тузилган ҳамкорлик шартномасига асосан техникумнинг “Пойабзал иши” йўналиши ўқувчилари амалиётларни ишлаб чиқариш корхонасида олиб бориши ташкил этилган.
Техникум ўқувчиси айтайлик касбли бўлди, тадбиркорлик билан шуғулланишга ўргатилди. Аммо унга иқтисодий билим, молиявий кўникма керак эди. Шунда техникум раҳбарияти вилоят савдо-саноат палатаси ва банк муассасаларига мурожаат қилди.

– Ҳафтада бир марта Савдо- саноат палатаси ва банк вакиллари келиб ўқувчиларга мамлакатимизда яратилган имтиёзлар, улардан фойдаланиш ва қўллаш йўлларини ўргатадилар, – дейди техникум раҳбари. – Шу билан бирга ўқувчилар тайёрлаган лойиҳаларни банк ходимлари ўрганиб, таҳлил қилиб бермоқда ва келажакда уни амалга ошириш учун нималар қилиш кераклиги, қай йўсинда кредит маблағлари олиш мумкинлигини тушунтирмоқдалар. Савдо- саноат палатаси тадбиркорликка ўрганаётган ўқувчиларимизни бир ой давомида ўқитиб, уларга сертификат ҳам беради. Бу билан улар тадбиркорлик фаолияти юритишнинг ҳуқуқий имкониятига эга бўладилар.

Бугун билимли ва малакали мутахассис бўлишнинг ўзи камлик қилади. Замон ёшлари дунёга чиқиши лозим. Бунинг учун эса хорижий тилларни билиши зарур.
– Олдимизга ўқувчилар битта мутахассислик, битта касб, битта хорижий тилни ўрганади, деган мақсад қўйилган. Бунинг учун ўқув марказлари биз билан ҳамкорликда инглиз, турк, корейс тилларини ўқитмоқда, – дейди Озодахон Раҳмонова.

Фарғонадаги имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумда яна бир ноанъанавий ижтимоий лойиҳани амалга оширишга киришдилар. Бу ерда “Оналар мактаби” очилди.
– Асосий мақсадимиз оналарнинг руҳий ҳолати, кечинмаларини ўрганиш, она ва ногирон фарзанд муносабатларини таҳлил қилиш ва тегишли чоралар кўришдир, – дейди техникум директори Озодахон Раҳмонова. – Оналар фарзандлари техникумни тугаллагач нима ишларни амалга оширишлари лозимлиги ҳақида маслаҳатлар беряпмиз. Бизнинг тарбияланувчи ўқувчилар учун кўпроқ ҳаракат, ўз устида ишлаш ва жамиятнинг бошқа аъзолари қатори ўзини эркин- эмин ҳис қилиши муҳимдир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/F2-SIt_OfEI?si=Llq2hE3NvksHwxkR" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА