Ибн Сино асарлари асл нусхалари қаерда?
Абу Али Ибн Синонинг ер юзи бўйлаб "сочилиб кетган" бебаҳо мероси ягона рақамли маконда жамланмоқда. Энди буюк алломамиз асарлари янги тадқиқотлар, очиқ ресурслар орқали халққа тақдим этиб борилади.
Тарихда ўчмас из қолдирган буюк шахслар – даҳо олимларимиз кўп. Хусусан, жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига тамал тоши қўйган улуғ сиймо – Ибн Сино ҳақида қандай маълумотга эгамиз?
Кўпчилик Ибн Синони тиббиёт соҳасида мислсиз ютуққа эришган, инсон саломатлигига доир мукаммал фан – тиббиёт асосчиси сифатида билади. Унинг асарлари ҳақида гап кетганда, беихтиёр, хаёлимизга “Тиб қонунлари” келади. Ваҳоланки, бу буюк олим фалсафа, мантиқ, астрономия, математика, табиий фанлар ва психология соҳаларида ҳам улкан илмий мерос қолдирган. Тарихий манбаларга кўра, Ибн Сино 450 га яқин китоб ёзган. Афсуски, ҳозирча инсониятга унинг 240 асари маълум. Мазкур ижод намунаси нафақат Ислом цивилизацияси, балки Европа илм-фани ривожига ҳам сезиларли таъсир кўрсатган. Хўш, ушбу меросдан қандай фойдаланиш, ватандошларимиз аллома асарларини қаердан топиши ва ўқиши мумкин?

Маълумки, сўнгги йилларда илмий-маърифий меросимизга жиддий эътибор берилиб, улуғ аждодларимиз қолдирган бой меросни ўрганиш, таҳлил қилиш, улар қолдирган, айни пайт дунёнинг турли бурчакларида сақланаётган нодир асарлардан халқимизни баҳраманд этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай хайрли ишга ёш олимлар, изланувчан талабалар бел боғлагани янада қувонарли.
Хусусан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, Япониянинг Кёто университети докторанти Жасур Жўраев Абу Али Ибн Сино асарларини ягона рақамли маконда жамлашни мақсад қилган.
– Ибн Сино ватандошимиз эканлигидан фахрланишга ҳақлимиз, – дейди Жасур Жўраев. – Мазкур аллома тўғрисидаги ҳар қандай янги маълумот нафақат олимлар, балки юртдошларимиз учун ҳам фойдали ва қизиқарли, деб ўйлайман. Ибн Синонинг энг машҳур асари “The Canon of Medicine” – “Тиб қонунлари” асрлар давомида Европа ва Шарқ мамлакатлари учун асосий тиббий қўлланма сифатида тан олинган. XII асрда лотин тилига ўгирилган ушбу қўлланмадан Европа университетлари дарслик сифатида фойдаланган.

Маълумки, Ибн Синонинг кўп қиррали, бой мероси дунё тараққиётида беқиёс аҳамиятга эга. У ижоди, илмий фаолиятида Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги юқори кўтаринкилик, “маданий уйғониш” даври маънавий ютуқларини мужассамлаштира олди. Шу тариқа бутун Шарқ ва Европадаги маърифат силсиласига кучли туртки берди.
Бугунги кунда унинг мероси қўлёзма, дастлабки босма нашр ҳамда араб, форс, лотин ва ҳатто иброний тилларидаги таржима шаклида дунё бўйлаб сочилиб кетган. Лондондан Истанбулгача, Пенсильваниядан Женевагача чўзилган ҳудудни қамраб олмиш айни меросни изчил ўрганиш узоқ вақт давомида иложсиз бўлиб келди.
Қаҳрамонимиз Жасур Жўраев буюк олим асарларини аниқлаш, тизимга солиш ва рақамли маконда бирлаштириш бўйича тадқиқот бошлаган. Изланиш жараёни 2025-2026 йилларда қатор етакчи академик марказларни қамраб олиши режалаштирилган. Хусусан, Бирмингемдаги Алабама университетида Ибн Синонинг қўлёзмаси ва бир неча босма нашрини ўз ичига олган тўплам ўрганилди. Янада йирикроқ мажмуа – 40 дан зиёд қўлёзма ва китоб – Пенсильвания университетида сақланмоқда. Эътиборлиси, бу асарларнинг муайян қисми аллақачон рақамлаштирилган ва тадқиқотчилар очиқ фойдаланиши учун тақдим этилган.

Ёш тадқиқотчи Европадаги Базель ва Женева университетлари кутубхоналарида ҳам амалий иш олиб борди.
– Тадқиқот давомида Ибн Синонинг қўлёзма ва босма асарлари ўрганилиб, манбаларнинг тарихи, сақланиш ҳолати ва илмий аҳамияти таҳлил қилинди, – дейди Ж.Жўраев. – Сўнгра китобларнинг электрон нусхалари йиғилиб, таржима ва илмий таҳлил бошланди. Алломамиз яратган мероснинг салмоқли қисми Ғарбий Европада, йирик архив марказларида жамланган. Масалан, Британия ва Бодли кутубхоналарида араб, форс алифбосидаги қўлёзмалардан иборат бой тўпламлар мавжуд. Франция Миллий кутубхонаси ва Ватикан Апостоль кутубхонасида эса ватандошимизнинг тиббий ва фалсафий асарлари лотинча таржимаси сақланган. Мероснинг яна бир муҳим қисми Яқин Шарқда: Ислом оламининг энг йирик қўлёзма марказларидан бири ҳисобланган Сулаймония кутубхонасида Ибн Сино номи билан боғлиқ матнларнинг улкан тўплами мавжуд.

Жасур Жўраев шу тарқоқ манбаларни аста-секин рақамли маконда тўплаяпти. Лойиҳа доирасида материалларни рақамлаштириш, гуруҳларга ажратиш, ўзбек ва инглиз тилларига ўгириш ният қилинган. Шу тариқа кўплаб асарларни интернет орқали онлайн тарзда кўриш ёки юклаб олиш имкони яратилади. Демак, Ибн Синонинг бой мероси дунё тадқиқотчилари, талабалар ва илм-фан ихлосмандлари учун янада кенг очилади. Келажакда бу асарларни илк бор тизимли равишда жаҳон бўйлаб тақдим этиш имконини берадиган ягона халқаро маълумотлар базаси яратиш кўзда тутилган.
Дарвоқе, лойиҳа фақат ўтмишни асраб-авайлаш билан чекланмайди, балки кенг кўламли тенденция – Марказий Осиёнинг жаҳон интеллектуал тарихидаги ўрнини қайта англашга интилишини акс эттиради. Зеро, бугун Ибн Сино каби сиймолар мероси тикланиб, долзарблиги нуқтаи назаридан янада очиқ, уйғунлашган ва халқаро ҳамкорликка йўналтирилган янги кун тартиби шакллантирилмоқда. Ташаббус тарқоқ қўлёзмаларни бирлаштириб, рақамли даврда Ибн Синони глобал илмий мулоқот марказига қайтариш имконини беради.
Умуман, турли мамлакатлардаги йирик кутубхоналарда сақланаётган Ибн Сино асарлари инсоният тараққиёти учун муҳим манба сифатида эътироф этилади. Мазкур мерос нафақат тарихий аҳамиятга эга, балки замонавий илм-фан учун ҳам муҳим илҳом манбаидир.

Бир сўз билан айтганда, мазкур йирик лойиҳа самарали амалга оширилса, Ибн Сино асарларининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган нусхалари акс этган ягона илмий маълумот базаси яратилади. Олимларимизнинг жаҳон илм-фани тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини хорижда тарғиб этиш, қўлёзмалар тарихи ва тарқалишини таҳлил қилувчи тадқиқот материаллари, мақолалар тайёрлашга замин тайёрланади. Қолаверса, Марказий Осиё илмий мероси халқаро миқёсда тарқалади, ёш тадқиқотчи ва талабалар учун очиқ илмий ресурс яратилади. Энг муҳими, бой илмий меросимизни замонавий рақамли технология ва халқаро илмий ҳамкорлик орқали янада кенг ўрганиш, жаҳон илм-фани ва таълим тизимига кенг татбиқ этиш имконияти пайдо бўлади.
Буюк бобокалонимиз, даҳо олим Абу Али Ибн Сино яратган бой илмий мероснинг айрим асл нусхалари билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишиш мумкин:
https://catalog.princeton.edu/catalog/99129114192106421
https://www.loc.gov/search/?fa=contributor:avicenna,+980
https://archive.org/details/ljs446/mode/2up
Гўзал Сатторова, ЎзА