Иқтисодий манфаатларимиз ишончли ҳимояда
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 24 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 24 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда қўмита марказий аппарати ва вилоят божхона бошқармалари ходимлари, божхона фахрийлари, «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси, Миллий кинология маркази, Олий ҳарбий божхона институти вакиллари иштирок этди.Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси З.Дўсанов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз суверенитети ва миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, юртимиз мудофаа қобилиятини янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда божхона тўловларини ундириш каби муҳим вазифаларни бажариб келаётган божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини янада оширишда замонавий божхона назорати механизмлари ва ахборот-коммуникация технологиялари амалиётга кенг татбиқ этилмоқда.
2015 йилда давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари 2014 йилдагига нисбатан 4 фоизга ошди.
Хизмат фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, сидқидилдан хизмат қилаётган ходимларни муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2015 йилда Нукус, Термиз, Бекобод шаҳарларида, шунингдек, жорий йилда – Ватан ҳимоячилари куни арафасида Ангрен шаҳрида божхоначилар учун янги хизмат уйлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 12 январдаги «Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, божхона органлари ходимларининг бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак орден ва медалларига сазовор бўлди. Тадбирда уларга ушбу юксак мукофотлар топширилди.
– Ватанимиз тинчлиги, эл-юрт осойишталиги йўлидаги камтарона меҳнатим юксак эътиборга сазовор бўлганидан бахтиёрман, – дейди «Жасорат» медали соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси катта тезкор вакили Бекзод Шукуров. – Бу ишончни оқлаш, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун янада кўпроқ меҳнат қиламан.