Иқтисодий манфаатлар ҳимояси таъминланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида мустақиллик йилларида божхона органларида эришилган ютуқларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида мустақиллик йилларида божхона органларида эришилган ютуқларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосари Г.Шукуров ва бошқалар истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қодир миллий божхона хизмати шаклланганини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда божхона органларида соҳа инфратузилмаси, моддий-техник базасини модернизация қилиш, илмий-техник салоҳиятини такомиллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилаётир.
Давлат божхона қўмитасида ахборот тўплаш, унга ишлов бериш, таҳлил қилиш, сақлаш ва узатиш бўйича кўплаб автоматлаштирилган ахборот тизимларининг ишлаб чиқилгани ва жорий этилгани самарасида рухсат бериш тартиб-таомиллари оптималлаштирилди, товар ва транспорт хизматлари ҳаракатлари назорат қилинмоқда, ташқи савдо муносабатлари иштирокчилари учун қулайликлар яратилмоқда.
Бу борадаги аксарият лойиҳалар “электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ва ривожлантириш доирасида ҳаётга татбиқ этилаётир. Масалан, “Божхона” ахборот тизимлари комплекси товарларни божхонада бир кунда расмийлаштириш ва бошқа тегишли хизматлар кўрсатиш, товарларни электрон шаклда рўйхатга олиш ҳамда экспорт-импорт шартномаларини қайд этиш имконини бермоқда.
Божхона хизмати ходимлари мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Жорий йил бошидан буён улар давлат бюджетига 3,4 триллион сўм келиб тушишини таъминлади. 11,5 мингта қонунбузарлик ҳолатининг олди олиниб, қиймати 43 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар мусодара қилинди.
Тадбирда Давлат божхона қўмитасининг бир гуруҳ илғор ходимларига “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони топширилди.