Иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 23 март куни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Венгрия ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 23 март куни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Венгрия ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, банк-молия, фан ва технология, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат саноати, сайёҳлик, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Элёр Ғаниев ва бошқалар Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб йўналишлар қатори иқтисодий соҳада ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Венгрия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги фаол ҳамкорларидан. Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий муносабатлар савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик, автомобилда халқаро йўловчи ва юк ташишга оид қатор ҳукуматлараро битимларга асосланади.
Савдо соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий этилган.
Мажлисда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларини ислоҳ қилиш, модернизациялаш ва диверсификациялаш, иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш, хусусий мулкнинг улушини ошириш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани қайд этилди.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажмини янада ошириш ва товарлар номенклатурасини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор эканини таъкидлади. Мамлакатларимиз савдо, фан ва техника, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, хусусий тадбиркорлик каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш борасида катта салоҳиятга эга экани қайд этилди.
Венгрия делегацияси Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий сиёсат самаралари, хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг ҳамда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг пухта ишлаб чиқилган механизми, индустриал зоналардаги кенг имкониятлар ва имтиёзлар билан таништирилди. Ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
– Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ва барқарор ривожланмоқда, – деди Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Ласло Сабо. – Бундай учрашув ва тадбирлар мамлакатингизда бизнес юритишнинг истиқболли йўналишлари билан янада яқинроқ танишиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан музокара олиб бориш имконини беради.
Мажлисда иқтисодиёт, савдо ва сайёҳлик соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар иқтисодиётнинг турли йўналишларида сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги, фан, таълим каби соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашди. Икки мамлакатнинг ишлаб чиқариш субъектлари ўртасида бевосита ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Венгрия делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идораларида музокаралар ўтказди.