Хусусий ҳаво мудофааси компаниялари Украинада иш бошлади
“DW” нашри хабар беришича, дунёдаги биринчи хусусий ҳаво мудофааси компаниялари Украинада иш бошлади. Улардан бири “Carmine Sky” мамлакатнинг турли минтақаларида автоматик нишонга олиш тизими билан жиҳозланган қуролларни жойлаштирди.
Таъкидланишича, қуроллар нишонларни мустақил равишда таниб олиш хусусиятига эга. Юзлаб километр узоқликда жойлашган оператор вазиятни масофадан туриб баҳолайди ва ўқ узиш тўғрисида қарор қабул қилади. Компания жорий йил январидан бери зарур ҳукумат рухсатномаларини олган ҳолда ҳаво мудофааси хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Компания маълумотларига кўра, тизимнинг самарадорлиги 85 фоизга етади – асосий мақсад “Shahed” дронларини ушлаб олиш.
Украинада яна бошқа бир компания – “Гвардия” февраль ойида рухсатномаларни олди. У ҳаводаги нишонларни йўқ қилиш учун дронлардан фойдаланади. Компания вакилининг таъкидлашича, операторларни ўқитиш тахминан бир ой давом этади.
Украина Мудофаа вазирлиги бу ҳаракатлар ўлка ҳаво мудофааси активларини хусусий қўлларга ўтказиш эмаслигини маълум қилди. Мустақил компаниялар шунчаки ягона ҳаво мудофааси тизимига интеграция қилинмоқда ва объектларни ҳимоя қилишда иштирок этмоқда. Вазирлик маълумотларига кўра, 16 та компания аллақачон тегишли рухсатномаларни олган.
С.Раҳимов, ЎзА