Ҳусийлар Яманда БМТ ходимларини ҳибсга олди
Якшанба куни Ҳусий жангарилари БМТнинг яна бир муассасасига рейд уюштирганидан бир кун ўтиб, тузилманинг 20 нафар ходимини ҳибсга олди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ямандаги вакили Жан Аламнинг “Associated Press” ахборот агентлигига маълум қилишича, ташкилот ходимлари Сано Ҳада маҳалласидаги муассаса ичида ҳибсга олинган.
Таъкидланишича, қўлга олинганлар орасида 5 нафар яманлик ва 15 та халқаро ходим бор. Жангарилар сўроқдан кейин 11 кишини қўйиб юборишган.

Жан Аламнинг сўзларига кўра, БМТ ушбу вазиятни тезкорлик билан ҳал этиш, ходимларни ҳибсга олишни тўхтатиш ва пойтахт Санодаги объектлари устидан тўлиқ назоратни тиклаш учун ҳусийлар ва бошқа томонлар билан алоқада бўлиб турибди.
Ҳусийлар Ямандаги жангарилар назорати остидаги ҳудудларда, жумладан, Сано ва Ҳодейда шаҳарлари, Садаа вилоятида ишлаётган БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга доимий тазйиқ ўтказиб келади.
Ҳозиргача ўнлаб одамлар, жумладан, БМТнинг 50 дан ортиқ ходими ҳибсга олинган. Жаҳон озиқ-овқат дастури ходими шу йил бошида Садаада ҳибсда вафот этди.
Жангарилар БМТнинг ҳибсга олинган ходимлари ҳамда бошқа халқаро гуруҳлар ва хорижий элчихоналар билан ҳамкорликда ишлаганлар жосуслар бўлганини бир неча бор исботсиз даъво қилган. БМТ бу айбловларни кескин рад этди.
Бу босим БМТни январь ойида саккиз ходими ҳибсга олинганидан сўнг Садаа вилоятидаги фаолиятини тўхтатишга мажбур қилди. Шундан сўнг ташкилот ўлкадаги бош гуманитар координаторини Санодан халқаро тан олинган ҳукумат қароргоҳи бўлган Аден шаҳрига кўчирди.
М.Пирматова, ЎзА