Ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва давомийлик тимсоли
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” тадбири ёшлар, ўрта ва кекса авлод вакилларини бир даврага жамлаб, улар ўртасидаги маънавий боғлиқлик, ҳурмат ва қадриятлар давомийлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тумандаги 18-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган учрашувда ҳурматли нуронийлар, турли соҳа вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бўлим бошлиғи М.Умаров, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Т.Абдижаббаров, туман бўлими раиси Ф.Ибадуллаев ҳамда бир қатор нуронийлар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари, меҳнатсеварлик, сабр-матонат ва Ватанга садоқат каби эзгу фазилатлар ҳақида ёшлар билан самимий суҳбат қуриб, уларга ибрат бўладиган фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбирда маҳалла ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган бир гуруҳ нуронийларга эсдалик совғалари топширилди. Бу эса уларга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиромнинг яна бир ифодаси бўлди.
Бундай учрашувлар авлодлар ўртасида мустаҳкам ришталар ўрнатиб, ёшларнинг маънавий камолотида муҳим ўрин эгаллайди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА