ҲУҚУҚИЙ ЖАМИЯТДА КОРРРУПЦИЯГА ЎРИН ЙЎҚ
Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Шунга монанд ҳолда айни жиноятнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий асослар ҳам мустаҳкамланиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 22 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам келгусида коррупциявий жиноятларнинг камайишига, олдини олишга хизмат қилади.
Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, кодекснинг 73-моддаси янги “в1” банд билан тўлдирилди. Гап шундаки, 73-модда “Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш” дея номланган. Унда нафақат жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш талаблари, балки ушбу модда қўлланилмайдиган шахслар тоифаси ҳам қайд этилган. Бинобарин, “в1” бандга асосан, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлик, шунингдек фирибгарлик учун ҳукм қилинган ва содир этган жинояти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаган шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилмаслиги белгиланди.
Бундан ташқари, кодексга “Коррупцияга оид жиноятлар” атамаси ҳам киритилди. Қолаверса, коррупцияга оид жиноятлар рўйхати ҳам ўз аксини топди. Яъни кодекснинг 167-моддаси учинчи қисми “д” банди, 168-моддаси тўртинчи қисми “г” банди, 1929, 19210-моддалари, 19211-моддаси иккинчи қисми “в” банди, 205-моддаси иккинчи қисми “в” банди, 206-моддаси иккинчи қисми “в” банди, 208-моддаси иккинчи қисми, 209-моддаси иккинчи қисми “в” банди, 210, 211, 212, 213, 214, 2141, 2142-моддалари ва 301-моддаси иккинчи қисми “б” бандида назарда тутилган қилмишлар коррупцияга оид жиноятлардир. Шунингдек, мазкур кодекснинг 243-моддасида назарда тутилган жиноят коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, бу ҳам коррупциявий жиноят сифатида баҳоланади.
Жиноят-процессуал кодексининг 270-моддаси эса “Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган шахсларни ҳимоя қилиш учун хавфсизлик чораларини қўллаш асослари ва тартиби қонун билан белгиланади” деган мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш” деб номланган 1758-моддаси ҳам янги қонун асосида мазмунан ва ҳажман бойиди. Унга кўра, давлат хариди предметининг бошланғич нархи ва унинг ўртача бозор нархи ўртасида йўл қўйиладиган тафовутнинг энг кўп миқдорига нисбатан белгиланган талабни бузиш, бундан талон-торож қилиш ҳоллари мустасно.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига киритилган қўшимчаларга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилади. Давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилади.
Яна бир янгилик. Давлат органлари ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупция даражасини аниқлаш ва уни минималлаштириш мақсадида коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси шакллантирилади. Бунда коррупцияга оид жиноятчилик статистикаси, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили, аҳолининг коррупцияга бўлган муносабати, коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсатнинг самарадорлигига доир маълумотлар, айни масалага масъул ҳамда дахлдор ташкилотларнинг ахборотига таянилади.
Коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритилади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик натижасида тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш қонунда белгиланган тартибда, ваколатли давлат органининг, манфаатдор шахснинг аризасига асосан суд томонидан амалга оширилади.
Ўзи меҳнат фаолиятини олиб бораётган давлат органида коррупцияга оид жиноят тўғрисида асосли хабар берган шахсга Коррупцияга қарши курашиш агентлигини олдиндан хабардор этмасдан икки йил давомида интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.
Албатта, бу борадаги ҳуқуқий асослар янада такомиллашиб бораверади. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда коррупцияга ўрин йўқ.
Нодиржон КИМСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Косонсой
туман судининг тергов судьяси