Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш – муҳим вазифа
Андижонда вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси қошида вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ташкил этилган штаб аъзолари – вилоят Мактабгача ва мактаб таълими, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармалари, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, шунингдек, олий таълим муассасалари ректорлари иштирокидаги ҳисобот йиғилишида жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар, мавжуд муаммолар муҳокама этилди.


Йиғилишда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Н. Мўминов, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари И.Исманов вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, уларни келтириб чиқараётган омиллар хусусида тўхталди. Бу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш, келиб чиқишининг олдини олиш, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар рўйхатини қайтадан шакллантириш, улар билан мулоқотлар ўтказиш, муаммоларини ўрганиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда улар билан иш ташкил этиш лозимлиги қайд этилди.


Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш ва ижобий натижадорликка эришиш юзасидан штаб аъзолари ҳамда мутасаддиларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Якунида штаб аъзолари ҳамда мутасаддилар томонидан бу борада келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.


Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА