Ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш доирасида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Олий суд, “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти” халқаро ташкилотининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистон ва Тожикистондаги лойиҳалари координатори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси минтақавий вакиллиги ҳамда бошқа ҳамкорлар томонидан халқаро конференция ўтказилди. Ушбу йирик анжуман Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонда озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил чораларини қўллаш бўйича мавжуд амалиётни ўрганиш масалаларига бағишланди.
“Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган тадбирда юзга яқин халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирок этди.
[gallery-6309]
Таъкидланганидек, мазкур конференциянинг Марказий Осиё давлатлари орасида айнан Ўзбекистонда ташкил этилгани бежиз эмас. Зотан, буни мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш йўлидаги изчил ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида ҳам кўриш мумкин. Маълумотларга кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистонда кўрилган жиноят ишларида жами маҳкумларнинг 71 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари қўлланилган.
Тадбир давомида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларидан соҳа экспертларининг маърузалари тингланди.
Халқаро конференция ўз ишини секцияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Унда суд ишларини юритишда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш бўйича халқаро тажриба, амалиёт ва қонунчилик, жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлашда Омбудсманнинг ўрни муҳокама қилинди.
Отабек МИРСОАТОВ(сурат),ЎзА