Ҳумоюн ва Полина Европа турнирларида иштирок этмоқда
Теннис бўйича Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаси вакиллари Ҳумоюн Султонов ва Полина Кудерметова шу кунларда Европа қитъасида ўтаётган нуфузли турнирларда иштирок этмоқда.
Жумладан, Венгрияда М15 таснифига кирувчи “Marso Open – 2026” халқаро турнирида Ҳумоюн Султонов яккалик баҳслари асосий тўрининг биринчи даврасида бугун мезбонлар вакили Адам Жиллига қарши кортга чиқади. Агар ушбу ўйинда муваффақиятга эриша олса, чорак финал остонасида германиялик Штефан Зайферт ва Лука Виденманн учрашуви ғолиби билан рақобатлашади.
Лондон шаҳрида теннис бўйича WTA 500 таснифига кирувчи, мукофот жамғармаси 1 миллион 915 минг АҚШ долларини ташкил этувчи мусобақада Полина Кудерметова саралаш баҳсларидан ўтди.
Энди Полина асосий тўрнинг илк босқичида чехиялик Мари Бузковага қарши кортга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА