Ҳукуматлараро Битимнинг кучга кириши тўғрисида
2019 йил 15 апрелда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган Қозоғистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – меҳнаткаш-мигрантлар ва Ўзбекистон Республикасидаги Қозоғистон Республикаси фуқаролари – меҳнаткаш-мигрантлар меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим 2021 йил 4 апрелдан кучга кирди.
Ҳужжатда меҳнаткаш-мигрантларнинг меҳнат фаолиятини, улар меҳнатига ҳақ тўлашни тартибга солиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида ноқонуний меҳнат фаолиятининг олдини олиш назарда тутилган.
Битимда меҳнаткаш-мигрантларнинг қуйидаги ҳуқуқлари белгиланган:
– қабул қилувчи давлат қонунчилигига ва меҳнат шартномасига мувофиқ дам олиш;
– қабул қилувчи давлат қонунчилиги билан белгиланган рўйхатга мувофиқ, атрофдагиларга хавф солувчи ўткир касалликлар бўйича кафолатланган ҳажмда бепул тиббий ёрдам олиш;
– қабул қилувчи давлат ваколатли органларидан қабул қилувчи давлат ҳудудида бўлиш ва унда меҳнат фаолиятини амалга ошириш шартлари ва тартиби, шунингдек, унинг қонунчилигидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқли ахборот олиш.
Битимда, шунингдек, меҳнаткаш-мигрантлар томонидан қабул қилувчи давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида таълим тўғрисида ҳужжатлар қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган таълим тўғрисида ҳужжатларни тан олиш процедураларини ўтказмасдан тан олинади.
Бунда педагогик, тиббий ёки фармацевтика соҳасида таълим олган меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш процедурасидан ўтадилар ва уларга қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган тартибга мувофиқ, тегишли педагогик, тиббий ва фармацевтик фаолият билан шуғулланишга рухсат этилади.
Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан www.lex.uz. сайтида танишиш мумкин.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати