Ҳудудлардаги ёшлар фаолияти ўрганилмоқда
Шу кунларда Ёшлар ишлари агентлиги директори бошчилигидаги ишчи гуруҳ республикамиз бўйлаб ёшлар учун яратилган имкониятлар билан танишиш мақсадида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Ўрганишлар давомида ёшлар учун таълим ва тадбиркорлик йўналишида яратилган имкониятлар ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан бир қатор манзилларда амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди.

Хусусан, улар Жиззах ва сирдарёлик ёшлар билан учрашишди.
Дастлаб Жиззах шаҳридаги "AsiaSchool" ўқув маркази фаолияти ўрганилди. Бу ерда ёшлар учун яратилган шароитлар, замонавий таълим дастурлари ва марказнинг фаолияти билан танишилди.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Ғаллаорол туманидаги Ёшлар маркази бўлди. Янги очилган марказда IT, кутубхона, хорижий тиллар, тикувчилик, пайвандлаш, ҳунармандчилик ва бухгалтерия курслари ташкил этилган.
Шунингдек, Мирзачўл туманидаги бир қатор ёшлар учун яратилган объектлар фаолияти кўздан кечирилди.

Ташриф давомида Дўстлик туманида ёшлар учун ажратилган ер майдонлари, уларнинг меҳнат жараёни ҳамда экинлардан олинаётган даромад ўрганилди.

Шу билан бирга, ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида жойлашган “Way to English” инглиз тилига ихтисослашган ўқув маркази фаолияти билан танишди. Мазкур марказга “Ko‘mak” лойиҳаси орқали 130 миллион сўм ссуда маблағи ажратилган бўлиб, бугунги кунда у чекка ҳудуд ёшлари учун муҳим таълим масканига айланган.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ Мирзаобод туманидаги “Ibrat farzandlari” ўқув маркази ҳамда новвойчилик билан шуғулланаётган ёш тадбиркор Муроджон Турсунов фаолияти билан ҳам танишди. Муроджон ўз фаолияти орқали нафақат оиласига даромад манбаи яратган, балки маҳалладаги 3 нафар ишсиз ёшнинг бандлигини ҳам таъминлаган.
Ёшлар масалалари бўйича Республика ишчи гуруҳи масъулларининг мамлакатимиз бўйлаб ўрганишлари давом этмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА