Ҳудудий педагогик маҳорат марказлари ўқитувчилари учун амалий семинар ташкил этилди
Ўз соҳасининг ҳақиқий эгаси бўламан деган киши тинимсиз изланишда бўлиши талаб этилиши сир эмас. Аммо таълим тизими ходимлари учун бу мажбурият десак, адашмаймиз. Айниқса, педагоглар юртимиз келажаги бунёдкорларига масъул шахслардир. Шунинг учун ҳам ўқитувчилар салоҳиятини оширишга жиддий ёндашилмоқда. Бунда халқаро ҳамкорликлар муҳим аҳамият касб этаётгани рад этиб бўлмас ҳақиқат.
Ўқитувчиларнинг педагогик салоҳиятини ошириш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги педагогик миллий маҳорат институтида франциялик таълим эксперти Ноéмие Дедиеу иштирокида Ҳудудий педагогик маҳорат марказлари ўқитувчилари учун амалий семинар ташкил этилди.

Семинар “Таълим жараёнларини ривожлантириш асослари" мавзусида олиб борилди. Бунда дарснинг ҳар бир босқичига рақамли технологияларни самарали интеграция қилиш, машғулотни интерактив жараёнга айлантириш ҳамда ўқувчилар диққатини рақамли воситалар орқали жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, рақамли платформалар ёрдамида баҳолаш ва дарс самарадорлигини оширишнинг аниқ кейслари амалий жиҳатдан кўрсатиб берилди.

Таъкидланишича, бу каби илғор халқаро методикаларни маҳаллий ўқув жараёнига татбиқ этиш ўқитувчиларга дарсни қизиқарли ва натижадор ташкил этишда янги имкониятлар яратади. Мазкур инновацион таълим усуллари эса малака ошираётган педагогларнинг методик тайёргарлигини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шербек Исломов,
ЎзА