“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбари ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Ёшлар фикри ва ташаббусларини ҳисобга олиш ҳар қандай ташкилот учун муҳим бўлиб, бундай ғоялар жамият ривожида катта ўрин тутади. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида ҳам шундай қадриятлар асосида ёшлар билан очиқ мулоқотлар мунтазам ташкил этиб келинади.
Айни кунларда “Ёшлар куни” ва “Раис ва ёшлар” дастурлари доирасида ўтказилаётган учрашувлар тизимдаги ёш ходимлар ва ҳудудлардаги ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларнинг фикр ва ташаббусларини амалга жорий қилишга қаратилган.

Бугун шундай учрашувлардан бири Хоразм ҳудудий филиалида бўлиб ўтди. Унда жамият бошқарув раиси ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқот ташкил қилинди.
Унда қайд этилганидек, ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш нафақат уларнинг фикрларини эшитиш, балки амалий таклифларни жорий қилиш, ёшларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва жамиятнинг ривожига ҳисса қўшишда муҳим аҳамият касб этади.

Жамият бошқаруви раиси Асроржон Асқаровнинг сўзларига кўра, ҳар бир ёш мутахассиснинг фикри жамиятимиз учун наф келтиради.
– Шу боис, очиқ мулоқотларда нафақат профессионал билимлар, балки ҳаётий тажрибалар ҳам муҳокама қилинади. Ҳар бир таклиф ва ғоя аҳамиятга эга бўлиб, уларни ривожлантириш ва амалга ошириш учун аниқ режалар тузилади. Шу билан бирга, ҳудудлардаги ёшлар ҳам бундай учрашувларда иштирок этиши лозим, чунки уларнинг ташаббуслари ва фикрлари жамиятнинг келажаги учун муҳимдир. Ёшларнинг ғоялари амалга оширилишида зарурий қўллаб-қувватлаш ва малака ошириш имкониятлари ҳам яратилади. Фаол иштирок ва масъулиятли позиция жамият тараққиётида асосий аҳамият касб этади, – деди Асроржон Асқаров.
Тадбирда ёшлар фикри ва таклифлари тингланиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА