Ҳудуд масъуллари ёшлар билан учрашди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб бериш, “Ёшлар дафтари”даги ёшлар учун ажратиб берилган кредитлардан тўғри фойдалана олишлари, мустақил равишда тадбиркор бўлиб, оёққа туришларида амалий кўмак бериш масалалари алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ушбу вазифалар ижроси доирасида Наманган шаҳар 4-сектор раҳбари А.Ғайбуллаев ташаббуси билан “Даштбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ёш тадбиркор – давлатга кўмакчи ” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Фарҳод Раҳимбоев, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, банк тизими вакиллари, ёшлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг масъуллари иштирок этди.
Учрашувда ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасидаги қатор имкониятлар хусусида йиғилганларга тушунча берилди.
Жумладан, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб ёшларни ишга қабул қилган корхона ва компанияларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилиши, 1 июндан бошлаб, “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилиши, “Ёшлар дафтари”га кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилиши таъкидланди.
[gallery-2095]
– Бугунги учрашувда ўз бизнесимни бошлаш, юритиш учун мутахассислардан керакли маслаҳатлар олдим, — дейди тадбир иштирокчиси Шукуржон Жўрабоев.
– Тадбиркорликни бошлашим учун кредит маблағи масаласида сектор раҳбари ҳамда банк вакиллари кўмак беришини айтишди. Албатта, бундан жуда хурсанд бўлдим.
Тадбирда иштирок этган якка тартибдаги тадбиркор Аҳмаджон Шокиров, “Ойдин” масъулияти чекланган жамияти, “Фашион” ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда “Наманганмаш” акциядорлик жамияти масъуллари ёшларга бўш иш ўринларини таклиф этди.
Шунингдек, тадбирда ёшлар орасида тадбиркорликка қизиқувчи фуқароларга берилаётган имкониятлар, яратилаётган янги иш ўринлари, “Ёшлар “1+1” дастурининг аҳамияти, бизнес ғояни амалга ошириш ва ажратилаётган субсидияларнинг янги механизми бўйича “Мастер класс” ўтказилиб, бу борада ҳар бир иштирокчида аниқ мақсад, қатъий ҳаракат зарурлиги тушунтирилди.
Ёшлар билан учрашувдан сўнг тадбир ташкилотчилари ҳудуддаги муҳтожлар ҳолидан хабар олди.
Бугунги кунда солиқ хизмати органлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясига бириктирилган 4-секторда кам таъминланганлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ёрдам кўрсатиш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Муборак Рамазон ойи муносабати билан “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Темир дафтар”даги 615 та оиланинг ҳар бирига кундалик эҳтиёж учун зарур маҳсулотлар тарқатилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА