Ҳожилар кутиб олинди
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, кексаларни эъзозлаш ва уларнинг ҳаётий тажрибасини жамият тараққиётига хизмат қилдириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатда нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Ана шу эзгу ғояларнинг амалий ифодаси сифатида сўнгги йилларда юртимизда “Президент ҳожиси” мақоми юксак эътироф ва эҳтиром рамзига айланди. Жамият ривожига муносиб ҳисса қўшган, эл-юрт хизматида фидойилик кўрсатган, ҳаёт мактабидан ўтган нуронийларга муқаддас Ҳаж сафарини бепул амалга ошириш имконияти яратилаётгани давлатимизнинг инсонпарвар сиёсати самарасидир.
Жорий йилда ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 100 нафар юртдошимиз “Президент ҳожиси” дастури асосида Саудия Арабистонига йўл олди. Улар қаторида Жиззах вилоятидан олти нафар фахрий ҳам бор эди.
Куни кеча Жиззах шаҳри темирйўл вокзалида ана шу муборак сафардан қайтган нуронийларни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари, “Нуронийлар” жамғармаси вакиллари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, ҳожиларнинг яқинлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик қатнашди.
Темирйўл вокзалида ҳаяжонли лаҳзалар ҳукм сурди. Кимдир отасини, кимдир устозини, яна кимдир маҳалланинг фидойи нуронийсини интизорлик билан кутаётган эди.
— Ҳаждан қайтаётган дадажонимни қарши олиш учун бутун оиламиз билан келдик, — дейди зоминлик Латофат Ҳасанова. — Отамнинг меҳнати ва фидойилиги юксак қадрланганидан беҳад хурсандмиз. У киши узоқ йиллар мактабда ёшларга таълим берди. Бугун ҳам Ғофур Ғулом маҳалласида ўтказиладиган тадбирларнинг фаол иштирокчиси. Нафақасидан ҳар чоракда ўн нафар аълочи ўқувчига 2 миллион сўмдан рағбат пули ажратади. Шунингдек, “Бир нуроний ўн ёшга масъул” танловининг республика босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллаган.
Ниҳоят, Тошкент — Бухоро йўналишидаги поезд Жиззах вокзалига кириб келди. Муқаддас заминдан қайтган олти нафар жиззахлик “Президент ҳожиси” гуллар ва самимий олқишлар билан қарши олинди.
[gallery-29775]
— Меҳнат ва садоқат қадр топаётган Янги Ўзбекистонда инсон шаъни ва қадри олий мезонга айланди, — дейди меҳнат фахрийси Исматилла Раимов. — Президентимиз ташаббуси билан бепул ҳаж амалларини адо этиш насиб этди. Каъбада, Арофотда, Мадинаи Мунавварада Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Юртбошимиз сиҳат-саломатлиги учун дуолар қилдик. Бу юксак эҳтиром учун барча ҳожилар номидан чексиз миннатдорчилик билдираман.
Жиззах шаҳридаги “Усмон ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Анвар Ғаиповнинг таъкидлашича, “Президент ҳожиси” мақоми ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
— Бу, аввало, инсоннинг эл-юрт олдидаги хизматлари ва обрў-эътиборига берилган юксак баҳодир, — дейди у. — Бугун нуронийларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат, давлатга ишонч ва келажакка умид туйғуларини янада мустаҳкамламоқда.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Саҳобиддин Болиев ҳам иштирок этди.
Дарҳақиқат, муқаддас Ҳаж сафарига йўлланма — оддий имтиёз эмас, балки халқ манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган инсонларга кўрсатилаётган юксак эҳтиром намунасидир. Каъбадан қайтган ана шу нуронийлар дуоси, ҳаёт тажрибаси ва ибратли фаолияти эса жамиятимиз маънавий таянчларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари