Хўжалик даромади йилдан йилга ортмоқда
Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳудудининг асосий қисми тоғлардан иборат бўлгани боис, лалми майдонлардан юқори ҳосил олинади. Иқлими асосан мева етиштириш учун жуда қулай.
Шу боис туманнинг каттагина қисми боғ ва узумзорлардан иборат. Шу билан бирга ҳар бир хонадон томорқасида мевали дарахтлардан тортиб сабзавот, полиз экинларигача парваришланади.
Туманнинг меҳнаткаш фермерлари жорий мавсумда ўтган йилгиданда кўпроқ даромад олишни мақсад қилган.
Улардан бири, Тонготар қишлоғидаги “Нурсултон Ҳусниддинов” кўп тармоқли фермер хўжалиги ўтган йили 11 гектарлик ер майдонида меҳнат қилиб, 200 миллион даромад кўрган бўлса, жорий йилда яна бир баробар кўп фойдани ният қилган.
– 11 гектар майдонда асосан сабзавот экинлари экканмиз, - дейди “Нурсултон Ҳусниддинов” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Ҳусниддин Йўляхшиев. – Ҳозирда 2 гектар ерга “Аризона” навли картошка, 2 гектарга саримсоқпиёз экдик. Ўтган йили 2.30 гектар интенсив боғ яратдик. Насиб қилса яна 2 йилдан кейин ҳосил олишни бошлаймиз. Унгача боғ қатор ораларига саримсоқпиёз экиб даромад кўраяпмиз. Бундан ташқари “Голштейн” чорва зотини кўпайтиришни ҳам йўлга қўйганмиз. Дастлаб 10 бош қорамол олиб келгандик, ҳозирда 22 бошга етказдик. Айни пайтда 8 бош соғин сигиримиздан 70-80 литр сут соғиб олинмоқда. Шунингдек, даромадимизни янада кўпайтириш мақсадида жорий йилда 20 сотихли иссиқхона қурдик. Иссиқхонада етиштирилган бодринг ва помидор ҳосилини ички бозорга сотишни ҳам бошлаб юборганмиз.
[gallery-2829]
Туманда жами 14 минг 385 гектар боғ-узумзор мавжуд бўлиб, шундан қатор орасига экиладиган майдон 6 минг 617 гектарни ташкил этади. 316 гектар ерда турли хил сабзавотлар, 40 гектарда полиз экинлари, 3 минг 850 гектарда дуккакли (лалми нўхат), 145 гектар мойли экинлар, 397 гектар озуқа экинлар ҳамда 1 минг 706 гектарда бошоқли дон етиштирилмоқда.
– Президентимизнинг 2020 йил 11 майдаги “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Бахмал тумани бўлими катта инспектори Мирмуҳсин Муртозов. – Амалга оширилаётган ихтисослаштириш туфайли туман қишлоқ хўжалиги соҳасида жиддий ўзгаришлар юз берди. Бу аввало, етиштирилаётган маҳсулотнинг аввалги йилларга қараганда кўпайиб бораётганида намоён бўлмоқда.
Келгусида фермер ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида сутни қайта ишлаш цехини қуришни режалаштирган.
Суратларда: 1,2,3,4,5,6,7,8,9,10,11-“Нурсултон Ҳусниддинов” кўп тармоқли фермер хўжалигида.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА