Хотирага эҳтиром, тинчликка шукроналик
ФОТОРЕПОРТАЖ
Хотира ва қадрлаш куни арафасида Қарши шаҳридаги “Мотамсаро она” монументи олдида ёшлар, ўқувчилар ва ҳарбийлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” тадбири ташкил этилди.
Уруш инсоният бошига тушган энг оғир кулфатлардан бири. У нафақат шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилади, балки оилаларни пароканда этиб, миллионлаб инсонлар тақдирида ўчмас из қолдиради. Иккинчи жаҳон уруши ҳам бутун инсоният қатори ўзбек халқининг қалбида чуқур яра қолдирган.
Ўзбекистондан фронтга кузатилган юз минглаб юртдошларнинг катта қисми Ватанга қайтиб келмади. Уларнинг аксари бегона юртларда ҳалок бўлиб, номаълум жойларга дафн этилди. Бироқ уларнинг хотираси халқимиз қалбида абадий сақланиб келмоқда.
Тадбирда уч авлод вакиллари — фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва мактаб ўқувчилари иштирок этди. Фахрийлар ўз хотиралари, жанговар йўллари ва сафдошлари ҳақида сўзлаб берди. Ёшлар эса бу ҳикояларни катта қизиқиш ва ҳурмат билан тинглади.
[gallery-29261]
Монумент деворларига олтин ҳарфлар билан битилган қаҳрамонлар номлари тадбир иштирокчиларида чуқур таассурот қолдирди. Ҳар бир исм ортида инсон тақдири, оила дарди ва халқнинг матонати мужассам.
Тадбир давомида бугунги тинч ва осойишта ҳаёт учун шукроналик туйғулари алоҳида таъкидланди. Ёшларнинг қўлидаги гуллар, кўзларидаги эҳтиром ва ҳайрат хотиранинг авлоддан авлодга ўтиб яшашини яна бир бор намоён этди.
Қайд этилганидек, бугунги тинчлик ва фаровон ҳаёт уруш йилларида жон фидо қилган қаҳрамонлар жaсорати эвазига қўлга киритилган. Шу боис Хотира ва қадрлаш куни нафақат ўтмишни эслаш, балки тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлашга чақирувчи сана сифатида ҳам аҳамият касб этади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА