Хотира – муқаддас, қадр – абадий (+видео)
Иккинчи жаҳон урушида немис босқинчиларини тор мор этишда Ўзбекистон фуқаролари ҳам тенгсиз жасорат кўрсатиб инсониятни фашизм балосидан халос этишга муносиб ҳисса қўшган.
Улар орасида 310 минг нафар фарғоналиклар ҳам бор эди. Афсуски уларнинг 50 минг нафаридан зиёди жанг майдонларидан қайтмади. Инсоният, ҳаёт давом этар экан, юртдошларимиз кўрсатган жасорат, шаҳидлар хотираси ҳеч қачон ёддан чиқмайди ва ҳамиша улар номи қаршисида бош эгилади.

Бугун Фарғонадаги “Мотамсаро она” хотира мажмуасида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги вакиллари, жамоатчилик фаоллари ҳамда минглаб ёшу кекса фуқаролар иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан хотира ва эҳтиром рамзи сифатида тантанали тартибда маросим ўтказилди.
Шундан сўнг “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида хотира майдонидаги ёдгорликка гулчамбарлар қўйилди. Иштирокчилар уруш ва меҳнат фронтида фидокорона хизмат қилган аждодлар хотирасини ҳурмат билан ёд этди.

Оркестрнинг мунгли садолари остида Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари номлари зарҳал ҳарфлар билан битилган лавҳалар қўйилган майдон томон вилоят ҳокимлиги, идора ва корхоналар, ўқув муассасалари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари оҳиста йўл олди. Майдон марказидаги “Мотамсаро она” ёдгорлиги баҳорий гуллар билан безатилди.
Тадбирлар давомида қизил атиргул ва лолалар уруш йилларида ҳалок бўлганлар хотирасига эҳтиром рамзи сифатида қўйилди.
Давлат раҳбарининг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, “Ҳеч қачон унутмайлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик – бизнинг бебаҳо бойлигимиз, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг мустаҳкам асосидир”.

Фарғона вилоятида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 81 йиллиги шаҳар ва қишлоқларда хотира тадбирлари ва халқ сайллари тарзида кенг нишонланмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZpmQ_I_RH04" title="Xotira – muqaddas, qadr – abadiy" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА