Хотира – абадий, қадр – муқаддас
Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 81 йил бўлди. Шунча вақт ўтса-да, урушнинг аччиқ тарихи, у олиб келган мислсиз кулфат ва мусибатлар инсоният хотирасидан ўчгани йўқ. Бу мудҳиш хотиралар бизга тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат эканини доимо эслатиб туради. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни замирида эса ана шундай моҳият мужассам.
Айни пайтда юртимиз бўйлаб 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан турли маънавий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилмоқда. Ҳар йили мазкур сана мамлакатимизда ўзгача шукуҳда нишонланади.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 апрель куни «9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори байрам мазмун-моҳиятини янада оширди.

Ҳужжатга мувофиқ, инсон қадрини улуғлаш, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимизга меҳр ва эътибор кўрсатиш, ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Ушбу тадбирлар замирида халқимизнинг тарихий қаҳрамонлиги, фидокорона меҳнатини улуғлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқатли, бугунги тинч, осойишта ҳаётни асраб-авайлашга қодир инсонлар этиб тарбиялаш мақсади мужассам.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида «Бурч, жасорат, матонат!» номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Маросимни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов табрик сўзи билан очиб бераркан, ўтганларни ёдга олиш, аждодлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш барчамизнинг инсонийлик бурчимиз эканини таъкидлади.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари фахрийси, «Шон-шараф» ордени соҳиби, истеъфодаги генерал-лейтенат Илҳом Ибрагимов сўзга чиқиб, мазкур байрамнинг аҳамияти, унинг миллий давлатчилигимизда тутган ўрни ҳақида сўз юритди.
Тадбирда Академия талабалар театр студияси томонидан Зулфия Зокированинг «Умр» асари асосида яратилган «Илҳақ» фильми сюжети асосида тайёрланган спектакль намойиш этилди.
Бу асарда уруш ортидаги халқимизнинг, муштипар оналар, аёлларнинг жасорати, матонати, фидойилиги, меҳнатсеварлиги, оиласига, Ватанига бўлган меҳри ва садоқати намойиш этилган.

Беш фарзандини урушга юбориб, бирортаси тирик қолмаса-да, Зулфия ая ҳаёти давомида мағрур қадди, юзидаги фарзандлари камолидан хурсандлиги аста-аста қайғуга, аламга айлангани ушбу асар орқали жуда таъсирчан очиб берилган.
Зулфия ая тимсолида минглаб оналаримиз фарзандларини урушга юбориб, унсиз йиғлаган қалбини, келинлари тимсолида ўзбек аёлларининг оиласига, турмуш ўртоғининг пок хотирасига бўлган садоқатини ҳам кўриш мумкин. Зулфия ая Зокирова – умр бўйи илҳақ бўлиб фарзандларини кутган она тимсоли.
Талабалар томонидан ижро этилган саҳналар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Уруш, айрилиқ, соғинч ҳисси акс этган шеърлар, қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тадбир давомида талаба-ёшлар бугунги тинч-осойишта, фаровон ҳаёт қанчалик бебаҳо неъмат экани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муқаддас бурчлигини яна бир бор ҳис қилишди.
Н.Усмонова, ЎзА