Хотин-қизларга юксак эҳтиром кўрсатилди
Андижон шаҳридаги “Тошкент премиум” тантаналар саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантаналар саройига кириб келаётган нуроний онахонлар, вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожида ҳамда турли жабҳаларда фаол ва фидойилик билан меҳнат қилаётган латофатли опа-сингилларимиз гуллар билан кутиб олинди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларнинг илғор вакилалари иштирокидаги "Аёл борки олам мунаввар!” деб номланган байрам тадбирида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни, роли ва нуфузи тобора ортиб бораётганлиги, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-6038]
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов муҳтарам опа-сингилларимизни баҳорнинг илк гўзал айёми билан муборакбод этди. Байрам тадбирида жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этаётган, ташаббускор, самарали меҳнати билан оилаларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишига муносиб ҳисса қўшган, ёш авлодни соғлом, ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этишда ибратли фаолият олиб бораётган бир гуруҳ илғор хотин-қизлар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони ҳамда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Тадбирнинг бадиий қисмида таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган баҳор, аёл, унинг бахти, юрт мадҳи, тинчлик, севги ва садоқатни мадҳ этувчи рақс, куй ва қўшиқлар барчага хуш ва байрамона кайфият улашди. Муҳтарама аёлларимизга юксак эҳтиром кўрсатилган бундай байрам тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА