Хотин-қизлар ҳимояси доимий эътиборда
Аёлларни турли зўравонликлардан асраш долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида шу мавзуда брифинг бўлиб ўтди.
Унда Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева мавзуга оид долзарб саволларга жавоб берди.
- Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- 2019 йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги ҳамда "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди ва улар асосида бир қатор қарор ва фармойишлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.
"Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунда зўравонликнинг 4 тури кўрсатиб ўтилган. Зўравонлик ҳолатлари бўйича аниқланган ёки келиб тушган барча хабарлар ўрганиб чиқилиб, бундай салбий ҳолатнинг олдини олиш мақсадида ҳимоя ордерлари бериш амалиёти жорий этилди.
Бундан ташқари, хотин-қизларга ҳуқуқий, моддий ва тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги "Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ҳудудларда мутасадди идора ва вазирликлар вакиллари томонидан маҳалла мутахассислари билан ҳамкорликда оилалар ўрганилиб, ўтказилган суҳбатларда аниқланган муаммолар бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган 432 минг 781 нафар аёлдан 395 минг 760 нафарига манзилли ёрдам кўрсатилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда. “Аёллар дафтари”нинг юритилиши оиладаги барқарорликни таъминлаш, яъни хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг оиладаги мавқеини ошириш ҳамда оиладаги зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга катта ёрдам бермоқда.
– Ҳимоя ордери нима ва уни қандай олса бўлади?
- Ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳужжат саналади. Ҳимоя ордерини расмийлаштириш ваколати профилактика инспекторига берилган. Аниқланган ёки келиб тушган барча зўравонлик ҳолатлари юзасидан маълумотлар ҳудудий профилактика инспектори томонидан ўрганиб чиқилиб, 24 соат ичида ҳимоя ордери бериш чоралари кўрилади. Ҳимоя ордери 30 кун муддатга берилиб, шу муддат мобайнида хавф бартараф этилмаса, уни узайтириш бўйича мурожаатга асосан яна 30 кун муддатга берилади.
Ҳимоя ордери берилишининг асосий мақсади қаерда бўлишидан қатъий назар, зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш ва такрорий зўравонлик ёки тазйиқ ҳолатларининг олдини олишдир.
Мамлакатимизда ҳимоя ордерини бериш амалиёти “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан ўтган йил февраль ойидан берила бошланди ва 2020 йил якунлари бўйича тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 14 минг 774 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди.
2021 йилнинг 4 ойи давомида 14 минг 165 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган бўлиб, натижада 7 минг 141 та оила яраштирилди, 5 минг 431 та низо бартараф этилди. Ҳозирда ҳимоя ордери берилиши билан бирга оилалардаги зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларининг олди олинмоқда.
– Оила шаънини асраш нуқтаи назаридан ёндашиб, зўравонликни ошкор этмайдиган опа-сингилларимизга ёрдам бериш тизими борми?
- “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддасида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар тегишли қонун ҳужжатлари билан қўриқланади.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ҳамда касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган, ушбу маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади.
Шу боис тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил ҳамда зўравонликдан жабрланган шахсларга доир маълумотлар сир сақланади. Кўнгилсиз ҳолатлар бўйича хабар берган шахсларнинг ҳам маълумотлари ошкор этилмайди.
Бундан ташқари, ички ишлар органларига “102”, “1102”, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида “1146” қисқа рақами, “Не молчи”, “Зўравонликка йўл йўқ” телеграм каналлар ва шу билан бир қаторда, зўравонлик ҳолатлари юзасидан хабар берилиши мумкин бўлган телефон рақамлар ва ижтимоий тармоқлар мавжуд. Зўравонлик ҳолатлари бўйича хабар берган шахсга оид маълумот унинг хоҳишига кўра аноним бўлиши мумкин.
Брифингда амалдаги қонунчилигимизда аёлларга нисбатан содир этилган зўравонликларга нисбатан қўлланилувчи жазолар, руҳий ва жисмоний таҳдидга учраб, реабилитация марказига келтирилган ёки ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилаётган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ саволларга ҳам батафсил жавоб берилди.
Н.Усмонова, ЎзА