Хорижлик мутахассислар Асака туманида бўлди
Америка Қўшма Штатлари Гарвард университетининг бир гуруҳ профессор ва мутахассислари Асака туманида бўлди.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли хасталикларни эрта аниқлаш ва самарали даволашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, бу борада халқаро лойиҳалар доирасида хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик ижобий натижалар бермоқда.
Ҳамкорликдаги халқаро лойиҳа доирасида АҚШлик бир гуруҳ профессор ва мутахассислар Асака тумани тиббиёт бирлашмасида, бирлашма тасарруфидаги шифохонада бўлиб, аҳоли ўртасида колоректал ракни эрта босқичда аниқлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди ҳамда шифокорлар ва мутахассислар билан мулоқот ўтказди.
[gallery-27421]
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳамкорликдаги 2 йилга мўлжалланган лойиҳанинг асосий мақсади колоректал рак ҳамда уни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт аниқлаш орқали инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган.
Келишувга кўра, АҚШлик мутахассислар жорий йилнинг апрель ойида туманда амалий ишларни бошлайди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари