Хорижий ОАВ вакиллари билан мулоқот
Ташқи ишлар вазирлигида “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси хорижий журналистлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда вазирлик ходимлари, мамлакатимизда доимий аккредитациядан ўтган хорижий ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи миллий давлатчиликни демократик жиҳатдан янада ислоҳ этиш ва янги тараққиёт даражасига кўтаришда тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини илгари сурди. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилидан келиб чиқиб, стратегиянинг асосий етти йўналиши белгилаб берилди.
Давра суҳбати давомида хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига мазкур йўналишлар, белгиланган устувор вазифалар ҳақида ахборот берилди.
Жумладан, юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ортга қайтмас хусусият касб этгани, сўз ва матбуот эркинлигини, фуқаролар учун ахборот олиш ва тарқатиш, ўз фикр ва қарашини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилаётгани таъкидланди.
Тараққиёт стратегиясининг 7-йўналишида Ўзбекистон илгари сураётган ташқи сиёсатнинг муҳим жиҳатлари акс этган.
Хусусан, мамлакатимиз прагматик, чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия борасидаги муносабатларни янада ривожлантиради. Энг аввало, Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни тобора кучайтириш бундан буён ҳам асосий мақсадимиз бўлади.
[gallery-4637]
Минтақанинг ажралмас қисми, яқин қўшнимиз бўлган Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш, бу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни кўрсатамиз. Биз Афғонистон билан биргаликда йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдормиз.
Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва дунёнинг барча минтақаларидаги шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ва кўп қиррали алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор берамиз.
Мулоқот давомида хорижий ОАВ вакиллари ҳам Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси бўйича кўзда тутилган ташаббуслар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусан, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тадбир якунида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни, хусусан, яқинда бўлиб ўтган Президентлик сайлови жараёнини фаол ёритган хорижлик журналистларга эсдалик совғалари топширилди.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати