Хориждан пул ўтказмалари 3,8 миллиард долларга етди
Иқтисодиётдаги юқори фаоллик Ўзбекистон меҳнат бозорида ҳам ижобий натижаларни таъминламоқда. Марказий банкнинг 2026 йил биринчи чораги бўйича Меҳнат бозори шарҳига кўра, мамлакатда бўш иш ўринлари ва бандлик кўрсаткичлари ошиб, ишсизлик даражаси пасайган. Шу билан бирга, иш ҳақлари ўсиши сақланиб қолган, хориждан юборилган пул ўтказмалари эса 3,8 миллиард АҚШ долларига етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга кўпайган.
Марказий банк мутахассислари меҳнат унумдорлиги ўсиш суръатларининг секинлашиши иқтисодий ўсишда бандлик ва инвестициялар каби экстенсив омилларнинг аҳамияти ошиб бораётганини таъкидламоқда. Шу билан бирга, реал иш ҳақининг меҳнат унумдорлигига нисбатан тезроқ ўсиши иқтисодиётда инфляцион босимлар ҳали ҳам сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Шарҳда ташқи меҳнат миграцияси ва пул ўтказмалари динамикасига ҳам алоҳида ўрин берилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга хориждан юборилган пул ўтказмалари ҳажми 3,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ошди.
Ушбу кўрсаткич меҳнат мигрантлари даромадлари барқарор сақланаётганини, шунингдек ташқи пул ўтказмалари аҳоли даромадларини қўллаб-қувватлаш ва ички истеъмолни рағбатлантиришда муҳим омил бўлиб қолаётганини англатади.
Шу билан бирга, меҳнат миграцияси географияси ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, Туркия ва Жанубий Кореяда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари сони изчил ошиб бораётгани меҳнат бозорида диверсификация жараёнлари кучайиб бораётганидан далолат беради.
Ш.Маматуропова,
ЎзА