Хорижда таҳсил оладиган ёшлар қўллаб-қувватланади
Андижон давлат университетида “Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари доирасида семинар-мулоқот бўлиб ўтди.
Халқаро таълим дастурларини оммалаштириш, ёшларни глобал академик ҳамжамиятга жалб этиш ва Ўзбекистоннинг инсон капиталини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли таълим марафони – “Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари доирасида ўтказилган семинар-мулоқотда мутасадди ва масъуллар, туман, шаҳар ихтисослаштирилган мактаб интернатларининг 9-11-синф битирувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди.
Семинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Шуҳрат Даминов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Андижон вилояти филиали бошлиғи Муҳаммаджон Қўлдошев ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар, уларнинг ижросини таъминлаш хусусида сўз юритди.
Семинар давомида очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар тушунтирилди. Бошқарув самарадорлиги агентлиги тавсияси асосида, шунингдек, стипендиатларнинг хорижий олий таълим муассасаларида ўқиши учун бериладиган имтиёзлар, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари битирувчиларига жамғарма танловларсиз ажратиладиган стипендиялар ҳақида маълумотлар берилди.
[gallery-28429]
Семинар-мулоқот иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА