Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
“VnEconomy” (Вьетнам иқтисодиёти) ва ушбу мамлакатнинг бошқа қатор нашрлари 19 март куни Ханой шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Вьетнам бизнес форумини кенг ёритди.
Анжуманда Вьетнам Савдо-саноат палатаси раиси Фам Тан Конг ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов “Давлатларимиз ўртасида савдо ва сармоявий алоқани мустаҳкамлаш, ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш вақти келди”, деган якдил фикрга келишган.
Мавзуга оид асосий мақола муаллифи 2023 йил товар айирбошлаш 2022 йилга нисбатан 32 фоиз ошгани, импорт 13,5 фоизга ўсганини келтирган. Вьетнамнинг Ўзбекистонга экспортида компьютер, электр моллари ва бутловчи қисм, ёғоч ва ёғочдан ясалган буюмлар, пластмасса салмоқли жой эгаллаган. Ўзбекистондан эса ушбу мамлакатга кўпроқ тўқимачилик, тикувчилик, пойабзал маҳсулотлари, барча турдаги ўғитлар учун хом ашё кириб келган.
Фам Тан Конг 1994 йилда иқтисодий ҳамкорлик ва савдо тўғрисида битим имзоланган бўлса-да, алоқалар ўзаро манфаатли тарзда йўлга қўйилмаганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, ҳар икки томонда ҳали фойдаланилмаган имконият бисёр.
– Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда туради, – қўшимча қилди мезбон. – Шунингдек, Марказий Осиёда олтин, табиий газ, кимё ва машинасозлик соҳасида йирик ишлаб чиқарувчи ҳисобланади.
Ўз навбатида Б.Саидов тадбир иштирокчиларни қутларкан, юртимиз имкониятлари ҳақида маълумот берди. Вазир иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга самимий қизиқиш билдиргани ва кўмак таклиф этгани учун Вьетнам етакчи саноат компаниялари, тадбиркорлар ва ҳукумат вакилларига миннатдорлик билдирди.
Форум доирасида самарали B2B учрашувлари ҳам бўлиб ўтди.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА