Хоразмнинг ёш экобилимдонлари
Жамиятда экологик ҳуқуқий билимларни ошириш ва атроф муҳитга бўлган эътиборни кучайтириш мақсадида Урганч шаҳрида мактаб ҳамда касбий таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида "Сиз экологияга оид қонунни биласизми?" республика кўрик-танловнинг вилоят босқичлари бўлиб ўтди.
Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари томонидан ташкил этилган мазкур танловнинг туман ва шаҳар босқичларида қатнашиш учун вилоятдаги 540 та умумтаълим мактабидан 4320 нафар ўқувчининг аризалари қабул қилинган бўлса, касбий таълим муассасаларининг 25 та жамоасидан 200 нафардан ортиқ ўғил-қиз иштирок этиб, саралаш босқичларида ўзларининг экология қонунчилигига оид билим ва иқтидорларини синовдан ўтказишди.
– Инсонлар табиатсиз яшай олмайди. Шунинг учун табиатни асрашга барча бирдек масъул, – дейди вилоят экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутахассиси Рўзмамат Рўзметов. – Бу каби танловлар ёшларнинг экологик ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституция ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришга хизмат қилади.
Танловнинг иккита йўналишида ҳам мактаб, сектор ва туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 13 тадан жамоалар вилоят босқичида иштирок этишди. Улар 4 та шарт асосида баҳслашди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан “Экологияга оид қонунлар, биологик турлиликни ҳимоя қилиш, ҳаво ва сув ресурсларини сақлаш, шунингдек, экологик хавфсизликни таъминлаш" каби мавзуларда берилган саволларга жавоб беришди.
Натижага кўра, касбий таълим муассасалари ўртасида б1-ўринни, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини Янгибозор тумани 2-сон политехникумининг “Табиат нафаси” жамоаси қўлга киритди. 2-ўринга Боғот тумани 1-сон политехнукумининг “Ёш экологлар”, 3-ўринга Урганч шаҳар 2-сон политехнукумининг “Яшил воҳа” жамоалари муносиб деб топилди.
Танловнинг умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган вилоят босқичида Урганч шаҳридаги 1-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиларидан иборат “Ёш экологлар” жамоаси биринчи, Қўшкўпир тумани 9-сонли умумтаълим мактабининг “Мусаффо осмон” жамоаси иккинчи ва Урганч тумани 7-сон умумтаълим мактабининг “Замин посбонлари” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар Хоразм вилоят экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари