Хоразмлик ўқитувчилар қандай янгиликлар яратишмоқда?
Бугунги кунда 10 мингдан ортиқ мактабда 6,3 миллион ўқувчи таълим-тарбия оляпти, уларга 500 мингдан кўпроқ педагог сабоқ бериб келмоқда.
Мана шу 500 минг нафар ўқитувчилар орасида илм-фан соҳасига ўз ҳиссасини қўшаётган, янги лойиҳаларини амалиётда қўллаб келаётган устозлар талайгина. ЎзА мухбири Хоразм вилоятидаги 30- ҳамда 14-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари билан суҳбат уюштирди.
Хўш, бу устозлар фаолияти давомида она тили ва адабиёт фани бўйича қандай янгилик яратди? Улар яратган янгилик амалиётда натижа беряптими?
ЎҚУВЧИЛАР ДАРСЛИКЛАРДАГИ БИР ХИЛЛИКДАН ЗEРИКИШАДИ
Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 30-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Фарида Абдуқодирова "Илм – фан соҳасидаги хизматлари учун" ҳамда "Ташаббускор ислоҳотчи" кўкрак нишони билан тақдирланган.
Фарида Абдуқодирова устози Насиба Собировадан ўрганган методлари асосида «7-синф адабиёт дарсларида ўқувчиларнинг фаоллигини ошириш усуллари», деб номланган услубий тавсия ишлаб чиқди. Ушбу китоб 2021 йилда чоп этилиб, республика миқёсида оммалашди. Ундаги тавсиялардан ҳозирги кунда республикамиздаги она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари фойдаланишяпти.
— 7 синф адабиёт дарслигида 20 та мавзу берилган, — дейди Ф. Абдуқодирова. — Китобда ҳар бир дарс учун методик тарқатмалар мавжуд. Бу қўлланмани ўқувчининг сумкасида дарслик билан бирга юрадиган қўшимча китобча деса ҳам бўлади. Ўқувчилар дарсликлардаги бир хилликдан зерикиб қолишади. Ўқитувчи ўқувчиларга дарсни яхши тушунтириб бериши, бир хилликдан қочиш учун жуда фойдали.

Ҳозирги кунда педагог 5-11-синфларда иш қоғозлари билан ишлаш қўлланмасини яратиш устида ҳам изланиш олиб боряпти. Ўқувчилар иш қоғозлари билан ишлашда муаммоларга дуч келишади. Китобчани бир ой давомида нашриётга топширишни режалаштирган. Бу қўлланмада намуналар берилади. Яъни унда иш қоғозини тўлдирадиган бўш бланка бўлади. Намунага қараб ўқувчилар имзони қаерга қўйиш, санани тўлдириш, далолатнома ёзиш, ариза, тавсифнома, эълонлар, табрикнома, таклифномалар ёзишни ўрганишади.
"ИФОДАЛИ ЎҚИШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМА ЯРАТМОҚЧИМАН"
Хоразм вилояти Боғот туманидаги 14-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Фируза Абророва ҳам таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасида самарали меҳнат қилиб келаётган тажрибали педагоглардан.

У дарсларида ўқувчиларни она тилининг чексиз имкониятларидан самарали фойдаланиш, фикр маҳсулини нутқ шароитига мос ҳолда етказиш, сўз санъатининг гўзал намуналари орқали ўзига хос тажрибаси билан шогирдлари ҳурматини қозонган.
Фируза Абророванинг «Она тили таълимига оид айрим таянч билимларни қиёсий ўрганиш», мавзусидаги методик тавсияси 2021 йилда Республика миқёсида оммалаштирилган.
— Она тилида айрим грамматик тушунчаларни бошқа тиллар билан қиёсий ўрганса, дарс янада самарали бўлади ва ўқувчиларда бошқа тилларни ўрганишга бўлган қизиқиш ортади, — дейди Ф. Абророва. — Масалан, биз она тили дарсида кўплик шакли «лар» қўшимчаси ёрдамида ҳосил қилинишини биламиз. Шу ўринда "инглиз тили, рус, араб тилларида кўплик шакли қандай ҳосил қилинади", деган савол туғилади ўқувчида. Ўқитувчи буни бошқа тиллар билан ҳам қиёслаб ўргатиб кетса, ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқиши янада ортади.
"Бунинг учун ўқитувчи бошқа тилларни ҳам билиши талаб этиладими", дея берган саволимизга устоз қуйидагича жавоб берди:
— Ўқитувчи бошқа тилларни мукаммал билмаса ҳам, хорижий тилдан дарс берадиган ўқитувчидан гап бўлаклари қандай жойлашишини сўраб, билиб олсин, — дейди педагог. — Ҳеч бўлмаса, грамматик тушунчаларни ўрганишга ҳаракат қилсин. Чунки ўқувчининг назарида ўқитувчи ҳамма нарсани биладиган, мукаммал инсон каби гавдаланади. Ўз устида ишлайдиган, изланадиган ўқитувчи учун бу қийин эмас. Агар она тили фани ўқитувчилари шу метод орқали дарсни ўтса, ҳам ўқувчига қизиқ, ҳам унинг обрўси ошади.
Ҳозирги кунда ўқувчиларнинг оғзаки нутқини шакллантиришга ёрдам берадиган ифодали ўқиш бўйича қўлланма яратиш устида изланиш олиб боряпман. Насиб бўлса, бу йил шу қўлланмани амалиётга татбиқ этишга ҳаракат қиламан.
Нигора Раҳмонова, ЎзА