Хоразмлик болаларга китоблар совға қилинди
Китоб – руҳиятимиз озуқаси, у билан дўстлашиш кишини нафақат юксалтиради, балки унга жаҳонни танитади, ҳамроҳлик қилади, эзгуликка етаклайди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган “Китобхон болалар” ва “Дунё даҳолари” рукнида чоп этилган ўн номдаги китобларнинг республикамиз бўйлаб тақдимот тадбирларини ўтказмоқда.
Навбатдаги тадбир Хоразм вилояти Маҳмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтди.

“Китобсевар миллат” шиори остида ўтган китоблар тақдимотида ОАВ ходимлари, шоир ва ёзувчилар, вилоятда жойлашган Президент мактаби, ихтисослаштирилган мактаблар масъуллари ҳамда туман ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов бугунги глобаллашув жараёнида ёш авлодни ҳар томонлама етук, баркамол қилиб ўстиришда китобларнинг ўрни катта эканлиги, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёшларнинг билимли, салоҳиятли инсонлар бўлиб улғайиши учун китобхонлик ривожига катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётгани, жумладан, тақдим этилаётган нашрлар ҳам болалар ва ўсмирларнинг ақлий, маънавий юксалишига катта хизмат қилишини таъкидлади.

– Замонавий дизайни, мазмун-моҳияти ўзига хос, қимматли маълумотларга бой бўлган бу китоблар ёшларнинг билимларини ошириб, дунёқарашининг кенгайишига ёрдам беради, – дейди Хива тумани ахборот-кутубхона маркази раҳбари Малоҳат Рўзметова. – Табиийки, интилувчан ёшлар Муҳаммад Али, Стив Жобс каби турли соҳаларда катта муваффақиятларга эришган машҳур инсонлар ҳаётига қизиқади, улардан ибрат олишга интилади. Китоблар ёшларнинг айни мана шу маънавий эҳтиёжларига мослиги билан ҳам қимматлидир.
Тадбир якунида вилоят ва туманлар ахборот-кутубхона марказларига, вилоятдаги Президент, ижод, спорт ва ҳудудий ихтисослаштирилган мактабларга 10 номдаги 540 дона китоб совға қилинди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА