Хоразмлик адибанинг китоби Туркияда нашр этилди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг маънавиятга, адабиётга ва санъатга қилаётган беқиёс ғамхўрлиги ўз самарасини кўрсатаётир. Юртимиз ижодкорларининг асарлари ҳатто бир қатор чет давлатларда ҳам чоп этилаётгани бунга ёрқин мисол бўла олади.
Яқинда хоразмлик истеъдодли адиба, шоира ва журналист Муҳаббат Сафоеванинг “Қуёшга йўл” китоби Туркияда нашр қилинди.
Тун бўйи термулиб ой шуъласига,
Косалаб симирди, изтироб майин.
Деразанг рахига бошини қўйиб,
Йиғлаб-йиғлаб чиқди табассумларинг.
Хоразм адабий муҳити узоқ йиллардан буён республика адабиёт ихлосмандларини мафтун этиб келади. Негаки бу юртдан Рўзмат Отаев, Эркин Самандар, Ошиқ Эркин, Матназар Абдулҳаким ва бошқа ўнлаб таниқли адиб, драматург ҳамда шоирлар етишиб чиққани қувонарлидир. Бугунги кунда ҳам вилоятда истеъдодли ижодкорлар оз эмас. Рўзимбой Ҳасан, Гавҳар Ибодуллаева, Даврон Ражаб, Шоира Шамс, Болтабой Бекматов, Эрпўлат Бахт, Ўктам Давлат, Отабек Исмоилов каби самарали қалам тебратаётган талантли адиблар, бадиий ижодга ва матбуотга меҳри баланд инсонлар кўплигидан хурсанд бўласиз.
Сизнинг хабар кутар кимингиз бордир?
Менинг хабар кутар бирор кимим йўқ.
Сизнинг хабар кутар кимингиз бордир?
Мендан хабар кутар бирор кимса йўқ.
Юқорида биз санаб ўтган адиблар сафида яна бир талантли ижодкор борки, унинг ёзганларини анча йиллардан бери мутолаа қилиб келаман. Қиссалари, ҳикоя ва бадиалари, шеърлари ўқувчи қалбини забт этади, сизни ўйлашга, фикрлашга даъват этади. Энг муҳими, сизнинг тафаккурингиз кенгайишига кўмак беради. Ўқиб, бениҳоя ҳузур қиласиз.
Хоразмлик шоира ва истеъдодли ёзувчи Муҳаббат Сафоева қалбидан қайнаб чиққан қуйидаги сатрлар сизни хаёл суришга, ўйлашга чорлайди. У инсон табиатидаги нозик жиҳатлар гоҳида ёлғизликни қўмсаб қолишини, кўнглида чўкиб ётган дардларига фақат ва фақат ёр қалбигина шифо ато этишини таъкидлайди.
Ёлғизлик бағрида енгил тортаман,
Томирда бўғилиб боради қоним.
Ўзим ҳам билмаган нелар кутаман
Манзилим олисми, қайда маконим?
Шоира инсон руҳий ҳолатини теран тасвир этади. У қалбини безовта қилаётган ўйларини қайноқ туйғуларига жо қилади.
Талантли ёзувчи Муҳаббат Сафоева насрда ҳам бинойидай қалам тебратади. Унинг “Муҳаббат”, “Ичимдаги одам”, “Синфдошимга мактуб” каби ўнлаб ҳикоялари турли мавзуларда. Адибанинг “Атиргул” ҳикоясини мутолаа қилганимда юрагим ларзага келди. Айниқса, севги изтироблари акс этган бир қатор асарларида фикр ярқ этиб кўзга ташланиб туради. Қалбингизни олов эҳтирослар чулғаб олади.
“Тошлоқ” ҳикоясида бир қатор персонажлар қатори Дилшода образи ёдда қолади. Баҳром персонажи ҳам анча вақт хотирангиздан кўтарилмайди. Бунга сабаб уларнинг хатти-ҳаракатларидаги ижобий ва салбий жиҳатлар, диалоглар ва ички кечинмалар баён қилинмай, табиий тасвир этилганида. Шу боисдан асарни то охиригача ўқиб чиқишга ошиқасиз: “Ўрнидан туриб, ошхонада куймаланаркан: “Учрашмайман, бошқа учрашмайман!” – дея тинимсиз шу сўзни такрорлар, гўё буни кимгадир уқтирмоқчидай, атай идишларни жой-жойига дўқиллатиб қўярди.
Ҳозиргина кўрган тушидан юраги баттар сиқилди: “Нега тушимда ҳам тинч қўйишмайди?” бирданига овози баландлаб, қўлидаги патнисни деворга отиб юборди. Патнис қайтиб учиб келиб, оёғига урилди. Оғриқдан тиззаларини қучоқлаб йиғлади. Шу тобда раҳматлик эрини ёмон кўриб кетдими ё уни ёлғиз ташлаб кетгани аламиданми, тилига ёмон қарғиш келди. Жисму жонига сиғмаётган нимадир ичида шардек шишиб борар, бўғзига тиқилиб нафас олишига қўймасди. Уйдан ўқдек отилиб чиқиб, боғ тўридаги молхона тарафга югуриб кетди”. Образлар табиийлигига қойил қоласиз.
Қаҳрамон хатти-ҳаракати, ҳолати тасвир мобайнида англашилади. Дилшода кўнглидан кечаётган ўйлар, психологик таҳлил унинг характерини ойдинлаштиришга ҳизмат қилган. “Муаллифнинг “Феруза,” “Ризқ” “Исканжа”. “Ёлғизлик” ҳикояларида ҳам ёзувчи нияти образларга сингдириб юборилган. Шу боисдан асар сюжети узоқ вақт хотирангизда сақланиб қолади. Ҳикояни яна қайта-қайта ўқигингиз келаверади. Энг асосийси, асарлар қизиқарли ёзилганлигида.
Муаллифнинг “Бувижоним” хотира-эссеси завқ билан ўқилади. Негаки асар тили мураккаб эмас, ҳатто хос китобхонлардан бошқалар ҳам тушунадиган тилда, ширали тилда тасвир этилгани сизни хурсанд қилишига ишончимиз комил.
Адиб ва шоира Муҳаббат Сафоеванинг қуйидаги шеъри ҳам унинг маҳорати чакки эмаслигини кўрсатади.
Сизни қачон кўраримни билолмадим,
Ҳолингизни бир бор бориб сўролмадим,
Ғамга шоҳман, қувончга қул, кулолмадим.
Шеърдаги оҳанг, мажозийлик, ҳарорат унинг таъсирчанлигини таъмин этган. Оригинал ташбеҳлар, символ асарнинг бадиий жиҳатдан анча пишиқ бўлишига олиб келган. Шоиранинг маҳорати ҳам шунда.
Бир сўз билан айтганда, хоразмлик ижодкор Муҳаббат Сафоева асарлари эндиликда чет элларда ҳам ўқилаётир. Унинг китоби турк тилига таржима қилиниб, Туркияда тақдимоти ўтказилгани шоира ва ёзувчи ижодидаги катта ва мақтовга сазовор муваффақиятлардан биридир.
Биз истеъдодли адиба ва шоира Муҳаббат Сафоевага ҳаётда ва бадиий ижодда ҳамиша омад ёр бўлсин, деймиз.
Жовли Хушбоқов, ЎзА мухбири.