Хоразмдаги қарздор ота Тошкент шаҳридаги авто сервис корхонасидан топилди
Алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш юзасидан, алимент тўлашдан бўйин товлаб қидирувдаюрган шахсларнинг аниқлаш борасида тизимли ишлар олиб борилиб, уларнинг иш ҳужжатлари судларга ўтказилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.
Мажбурий ижро бюросининг Шовот тумани бўлими иш юритувида бўлган қарздор Қ.Б. фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг 27.06.2023 йилдаги суд буйруғига асосан ундирувчи Н.Д. фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пулини тўлаб бориши белгиланган бўлса-да, у белгиланган алимент пулларини ўз вақтида тўламасдан келган.
Натижада, 01.08.2026 йил ҳолатига алиментдан 68,6 млн. сўм қарздорлиги йиғилиб қолган ва қарздорга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Бошқарманинг қидирув шўъбаси ходимлари томонидан олиб борилган қидирув ҳаракатлари жараёнида қарздор Қ.Б. Тошкент шаҳрида жойлашган авто сервис корхонасида норасмий равишда ишлаб келаётганлиги аниқланган.
Олиб борилган қидирув тадбирлари давомида қарздор Қ.Б. Тошкент шаҳридан олиб келиниб, бўлим давлат ижрочиси Н.Бекметов томонидан унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддасига асосан Жиноят ишлари бўйича Шовот тумани судига юборилган.
Суднинг 03.08.2026 йилдаги қарори билан қарздор Қ.Б.га 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА