Хоразмда сув таъминоти яхшиланмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳудудлардаги сув таъминотини яхшилаш борасида катта амалий ишлар бажарилмоқда. Хоразм вилоятида ҳам бугунги кунда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 91.6 фоизни ташкил этмоқда.
Бу, албатта, ҳукуматимизнинг аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қарата қабул қилган кўплаб давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ қилиниши самарасидир.
Биргина инвестиция дастурига асосан вилоятда 31,3 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилди. Хусусан, ушбу дастур доирасида Хива тумани Қумёп маҳалласида ичимлик суви тармоқларини ва Арвик сув тарқатиш иншоотини реконструкция қилиш лойиҳасига асосан 21,57 км ичимлик суви тармоғи ётқизилди.
–Ўтган йил сарҳисобларига кўра, вилоятда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш борасида сезиларли ютуқларга эришилди, – дейди “Хоразм сув таъминоти” АЖ раиси ўринбосари Ҳамид Машарипов. –Хусусан, тегишли давлат дастурлари асосида вилоятимизда 138 километрдан ортиқ ичимлик ва оқова сув тармоқлари янгидан тортилди. Қўшкўпир туманида ҳам аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув тозалаш иншооти янгидан қурилмоқда. Тупроққалъа тумани, Урганч ва Хива шаҳарларида сув тозалаш иншоотлари реконструкция қилинмоқда.
Жорий йилда Гурлан туманида ҳам кунига 50 минг метр куб сувни тозалаш қувватига эга бўлган ичимлик сувини тозалаш иншооти қурилиши бошланади. Айни дамда қурилиш ишларига масъул бўлган пудратчи ташкилотлар аниқланмоқда.
Оқова бу сувнинг иккинчи ҳаётидир. Корхоналарда ишлаб чиқаришдан сўнг, шунингдек, аҳоли пунктларидан чиқадиган, кимёвий моддалар билан заҳарланган сувлар, канализация сувлари бир неча тозалаш босқичларини талаб этади. Зеро, уларнинг тозаланмасдан табиатга чиқариб ташланиши экологик инқирозни кучайтириш, инсонлар ҳаёти, соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Хоразм вилоятида оқова сувларни тозалайдиган ягона ана шундай иншоот Хонқа тумани Дўстлик маҳалласида жойлашган. Мазкур иншоот кунига 4 метр куб оқова сувларни тозалаш қувватига эга.
– Мазкур сув иншооти 2023 йилда Европа стандартлари асосида қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди. – дейди “Хоразм сув таъминоти” АЖ га қарашли оқова сув иншооти бўлим бошлиғи Илҳом Султонов. – Айни дамда туманимиздаги 28 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Иншоотнинг асосий ускуналар ҳамда механизмлари, яъни насос қурилмалари, хаво ҳайдаш агрегатлари, механик панжаралар, бирламчи ва иккиламчи тиндиргичлар учун қуйқани йиғиш ва тортиш механизмлари, аэрация тизимлари ва электр ускуналарининг барчаси автоматлашган тизим орқали бошқарилади. Кимёбактериологик лаборатория ҳам янги замонавий асбоб ва ускуналар билан таъминланган. Бу ерда оқова сувнинг таркиби доимий равишда ўрганилиб, таҳлиллар олиб борилади.
[gallery-21436]
Хуллас, Хоразм вилоятида аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда. Бироқ фаровон яшашимиз учун турли хил маҳсулотларга эҳтиёжларимиз ортаётган бир пайтда уларни ишлаб чиқаришга, етиштиришга кетаётган сувнинг ҳам миқдори ортмоқда. Шу сабабдан оби ҳаётнинг ҳар бир томчисини қадрлашни, уни тежаб ишлатишни канда қилмаслигимиз лозим.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари