Хоразмда "National AI Hackathon" танлови давом этмоқда
Урганч шаҳрида “National AI Hackathon” танлови доирасида сунъий интеллект технологияларига асосланган инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқишга қаратилган мусобақалар бўлиб ўтмоқда.
Мазкур ҳудудий босқич жорий йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган катта финал босқичига саралаш вазифасини ўтайди. Финалда бутун Ўзбекистон бўйича энг кучли AI жамоалари ўз лойиҳалари билан беллашади.

Иштирокчилар 4 кун давомида тажрибали ва амалиётчи AI мутахассисларидан менторлик кўмаги ҳамда маҳорат дарсларини олади. Якунда ишлаб чиқилган лойиҳалар ҳакамлар ҳайъатига тақдим этилади.

Мазкур дастурчилар марафонида Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидан ҳам 3 нафар мутахассис соғлиқни сақлаш йўналиши бўйича ментор сифатида иштирок этмоқда.
Менторлар томонидан иштирокчи жамоаларга тиббиёт ва соғлиқни сақлаш тизимидаги долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни сунъий интеллект ёрдамида ҳал этишга қаратилган ғояларни шакллантириш ҳамда лойиҳаларнинг амалий аҳамияти ва тиббиёт тизимида қўллаш имкониятлари юзасидан тавсия ва йўналишлар берилмоқда.
– Мазкур Hackathon ёш мутахассисларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий рақамли ҳамда AI ечимларини кенг жорий этиш ва истиқболли лойиҳаларни шакллантиришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади, – дейди соғлиқни сақлаш йўналиши бўйича ментор Ботирбек Отажонов. – Танлов якунида кимдир MacBook билан, кимдир 20 миллион билан, яна кимдир янги лойиҳа билан уйига қайтиши аниқ.

Ҳудудий босқичнинг финали эса 20 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Энг яхши тақдимот ва ижтимоий таъсир учун махсус мукофотлар:
1-ўрин – Apple MacBook Air,
2-ўрин – 20 миллион сўм,
3-ўрин – 10 миллион сўм.
Шунингдек, “Энг қизиқарли тақдимот” ва “Энг долзарб ижтимоий лойиҳа” номинациялари ғолиблари АI курсларида ўқиш учун сертификатлар билан тақдирланади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири