Хоразмда марказлашган ичимлик сув таъминоти қамрови кенгаймоқда
Хоразм заминида сув шунчаки табиат инъоми эмас, балки ҳаёт манбаидир. Бу воҳада сувни тежаб ишлатиш, унинг ҳар бир томчисидан унумли фойдаланиш кишилар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Фаровонликка юз тутаётган диёрда аҳоли учун сўнгги йилларда ичимлик суви таъминотида амалга оширилаётган хайрли ишлар янги уйғониш даврини бошлаб берди.
Бир пайтлар хонадонларга марказлашган ичимлик сувининг етиб бориши орзу эди. Сўнгги тўққиз йил давомида воҳанинг сув таъминоти ва оқова сув тизимини тубдан янгилашга 1,467 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бу шунчаки рақамлар эмас, балки минглаб хонадонларнинг қувончи, орзуларнинг рўёби ва турмуш фаровонлигининг амалий ифодасидир.
2016 йил ҳолатига кўра, вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 52,2 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб мазкур кўрсаткич 92 фоизга етди. Хусусан, Қўшкўпир тумани шаҳар ва қишлоқларида ҳам халқимиз турмуш даражаси юксалиб, аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминоти билан қамраб олинганлик даражасининг ўсиши мисолида яққол намоён бўлади.
Туманда 2016 йилда аҳоли хонадонларининг 43 фоизига оби ҳаёт қувурлар орқали кириб борган бўлса, жорий 2026 йил бошида бу кўрсаткич 97 фоизга етди. Бунга, албатта, кўплаб давлат дастурлари бажарилиб, ўтган 10 йил ичида қарийб 408 километр ичимлик сув тармоғи ва 6 та ичимлик сув иншооти бунёд этилиши натижасида эришилди.
Ҳукуматимизнинг ушбу сиёсати жорий йилда ҳам изчил рўёбга чиқарилиб, қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги тегишли қарорига асосан Незахос маҳалласининг “Матонат” ва “Озодлик” кўчаларида 6 километр тармоқ тортилиб, 268 та хонадон илк бор ичимлик суви билан таъминланди.
- Сув оққан жойда унум бор, тоза сув кирган хонадонда эса қут-барака ва соғлик бўлади, – дейди доно халқимиз. Маҳалламизда амалга оширилган ушбу ислоҳот минглаб инсонларнинг саломатлиги, фарзандлар келажаги ва ҳудуд ривожи йўлида қўйилган салмоқли қадамдир. “Незахос” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Болтаев. - Чекка ҳудуд бўлган маҳалламизга марказлашган сув тармоғининг етиб келиши нафақат турмуш тарзини, балки ҳудуднинг иқтисодий қиёфасини ҳам ўзгартирди. Чунки, тоза сув ва замонавий инфратузилма бор жойда кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ривожланади. Энг муҳими, ёшларимиз ўз қишлоғида қолиб, замонавий шароитларда яшаш ва меҳнат қилиш имконига эга бўлмоқда.
Туманнинг Довуд маҳалласида 500 метр куб ичимлик сувини сақлаш қувватига эга иншоот қуриб битказилиши натижасида маҳаллада яшовчи 3 минг 700 нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.
- Биз ёшлигимизда сувни 5-10 километрдан ташиб келар эдик, - дейди 72 ёшли меҳнат фахрийси Дурдибой ота Маткаримов. - Ариқ сувини тиндириб фойдаланган кунларимиз ҳам бўлган. Ёзнинг иссиғида болаларимиз тоза сувга муҳтожлик сезмаганини кўриш мен учун катта бахт. Жўмракни очсангиз, шарқираб тоза сув оқиб турибди. Бу давлатимиз биз учун яратган шунчаки қулайлик эмас, балки инсонга бўлган эътибор ва ғамхўрлик.
Туманда фаровон ҳаётнинг яна бир белгиси бўлган оқова сув хизматининг ҳам йил сайин қамрови кенгайиб бораётганлиги ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. 2017-2025 йиллар оралиғида қарийб 41 километр канализация тармоғи ва 2 та иншоот қурилди. Жорий йилда эса суткасига 3 минг метр куб оқова сувни тозалаш қувватига эга иншоотнинг қуриб фойдаланишга топширилиши билан канализация сувининг атроф-муҳитга зарарли таъсирига тўла барҳам берилди.
Шунингдек, туманнинг “Янги Ўзбекистон” массивида ҳам 20 километрдан зиёд ичимлик ва оқова сув тармоқлари бунёд этилди.
- Учта фарзандим бор, - дейди уй бекаси Онапошша Юсупова. - Илгари кунимизнинг ярми сув ташиш, уни иситиш ва рўзғор ишларига ажратиш билан ўтарди. Айниқса, қиш кунларида кўчадан сув ташиш жуда оғир эди. Ҳозир эса уйимизда иссиқ ва совуқ сув бор, кир ювиш машиналаримиз бемалол ишлаяпти. Канализация ҳам яхши ишлаяпти. Тоза сув кириб келиши билан рўзғоримиз енгиллашди, фарзандларимиз соғлиги ҳам анча яхшиланди.
[gallery-32145]
Аҳоли турмушида бундай қулайликлар бўлиши учун ҳукуматимиз томонидан сўнгги йилларда миллиардлаб маблағ сарфланиб, бунёдкорликлар амалга оширилди. Шунингдек, бу тизимларнинг бундан кейин ҳам талаб даражасида фаолият кўрсатиши учун юзлаб инсонлар меҳнат қилиб, электроэнергия ва бошқа ресурслар сарфланади.
Бироқ, ушбу неъматнинг хонадонларимизга бардавом келиб туриши учун фойдаланилган ичимлик сувини ортиқча сарфламаслик, оқова сув тармоқларидан тўғри фойдаланишимиз лозим.
Ҳа, айтганча, “Сув текин эмас!” деганларидек, коммунал тўловларини ҳам ўз вақтида амалга ошириб турсак, айни муддао бўлади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари