Хоразмда маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими томонидан Маҳмуд Замахшарий номли вилоят ахборот-кутубхона марказида оммавий ахборот воситалари, журналист ва ижодкорлар учун Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги бош ғоясини ўзида мужассам этган “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил қилинди.
Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист А.Собиров, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Г.Ибодуллаева, “Хоразм ҳақиқати" ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири С.Раҳимберганова, таниқли шоир, ёзувчи ва публицист Қурбон Муҳаммадризонинг “Ўзбекистон– инсон манфаатлари қадрланган юрт” ҳамда “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит яратишда ва давлат ислоҳотларини ёритишда ОАВ ларининг роли” мавзуларидаги маърузалари тингланди.
– “Энг улуғ, энг азиз” байрамимиз олдидан ўтказилаётган бугунги анжуманмиз тажрибали вакилларимизнинг маҳоратини ёшларга етказишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди уюшманинг вилоят бўлими раиси Дилбар Бекчанова. – Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳар бир ижодкорнинг, журналистнинг кундалик фаолиятида акс этиши лозим. Бугун биз бўлимимиз томонидан тайёрланган “Мозийга қайтиб: Хоразм журналистикаси 1960-1990 йилларда” мавзусидаги фотолавҳалар намойишини ҳам қилдик. Шунингдек, вилоят ахборот-кутубхона марказига “Ўзбек журналистикаси антологияси” тўпламлари ва “Олтин қаламли журналистлар” китоби тақдим қилинди. Чунки, бу жой ёш журналистлар ва публицистлар учун маҳорат ва билим мактаби бўлиши лозим.
Тадбир доирасида Шукуржон Жабборованинг “Шовотда отган тонглар”, “Улуғлардан руҳ олган табиб” китобларининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Китоб тақдимоти юзасидан сўзга чиққанлар Хоразмнинг ўтмиши ва келажаги тараннум этилган мазкур китобнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида атрофлича гапирди.
[gallery-31143]
Байрам арафасида ташкил этилган маданий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган ижодкорларга гувоҳномалар ҳамда кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, журналистлар уюшмаси аъзолари ва оммавий ахборот воситалари фаоллари уюшма вилоят бўлимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир фикр-мулоҳазалар ҳамда мустақиллик мушоираси билан якунланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари