Хоразмда “Лазги” ихлосмандлари жам бўлади
Мамлакатимизнинг бой рақс санъати тарихида алоҳида ўрин эгаллаган “Хоразм лазги рақси” ўзига хос ижро услуби ва жозибаси билан нафақат Ўзбекистонда балки хориж давлатларида ҳам машҳур.
Президентимизнинг 2020 йил 28 сентябрдаги “Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали ҳамда унинг доирасида халқаро илмий-амалий конфренция ўтказиш белгиланган.
Хоразм вилоятида жорий йилда ўтказиладиган мазкур фестивалга катта тайёргарлик кўрилди. Халқаро фестивалга юртимизнинг тажрибали режиссёрлари, бастакорлар, санъаткорлар, таниқли раққосалар, ижодкорлар, малакали мутахассислар жалб этилган.
Бугун Урганч халқаро аэрапортида дунёнинг турли мамлакатларидан келаётган иштирокчилар тантанали кутиб олинмоқда.
– Мен Ҳиндистондан келдим, – дейди санътшунос, профессор Чандр Шейкхан. – Ўзбек ва ҳинд рақслари ўзининг қадимийлиги, шўх ва ўйноқи ҳаракатлари билан ўхшаш. Айниқса, Хоразм рақсидаги жанрлар жуда жозибадор ва серҳаракатлилиги билан ажралиб туради. Хоразмни эса мен қадимий воҳа, маданият, санъат ва анъаналар маркази деб биламан. Мен ушбу ўлкага олдин ҳам келганман. Олийгоҳлардаги мусиқа ва санъат йўналишидаги таълим жараёни билан танишганман. Бизни ҳар сафар мана шундай иззат икром билан кутиб олишади. Фурсатдан фойдаланиб халқаро фестивал ишига омад тилайман.
Иштирокчилар “Лазги” куйи ва унга монанд рақси билан кутиб олинди. Бу меҳмонларнинг кўҳна заминга илк қадамидан катта таасуротлар олишига ва кайфиятини кўтаришга хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди. Ўзига оханграбодек тортатиган ялла қайси миллатдан бўлишига қарамасдан иштирокчиларни ўйинга чорлади.
– Биз Россиянинг Алтай ўлкасидан мазкур нуфузли анжуманга келдик, – дейди Россия федерациясида хизмат кўрсатган артист Ирина Минаева. “Хоразм лазгиси” жуда қадимий рақслардан деб эшитганман. Ушбу рақс ижросини интернет орқали кўрдим. Жуда жозибали ва гўзал пластикага эга. Унинг тарихи билан жуда қизиқаяпман. Фестивал доирасида “Лазги” рақсини ўрганаман ва гўзал Хива шаҳрини ҳам зиёрат қиламан. Бизни кўтаринкилик билан кутиб олган мезбонларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Бугун мазкур халқаро рақс фестивали ўз ишини бошлайди ва 30 апрел санасига қадар давом этади. Айни дамда ҳам мусиқали театрлашган тадбирлар ўтказиладиган кенг саҳнада раққоса қизлар, йигитлар ранг-баранг мусиқа садолари остида фестивалга тайёргарлик кўришмоқда.
Тадбирлар доирасида “Ичан-қалъа” мажмуаси ҳудудида рақс санъатига оид кўргазмалар, миллий либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналаридан иборат ранг-баранг кўргазмалар ташкил этилади. Шунингдек, китоблар савдоси, ярмаркаси ҳам ўтказилади. Фестивал кунлари “Ўзбек миллий рақсининг жаҳон рақс санъатидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳам ўтказилиб, унда қатор хорижий мамлакатлардан рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар, фахрий меҳмонлар иштирок этади.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА