Хоразмда “Kitobxon KIDS” танлови ғолиблари аниқланди
Урганчда 7-10 ва 11-14 ёшли болалар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган “Kitobxon KIDS” танловининг Хоразм вилояти босқичи бўлиб ўтди. Лойиҳа доирасида иштирокчиларни рағбатлантириш орқали ота-оналар ва кенг жамоатчилик орасида ҳам китоб ўқиш маданиятини оммалаштириш кўзда тутилган.
Унда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ғолиб бўлган энг зукко ёшлар навбатдаги марра учун баҳс олиб борди.
Танлов давомида китобсевар ёшлар ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиб, энг фаол ёш китобхон номи учун беллашди.
– Асл ушбу танловнинг мақсади ҳам ёш авлодни китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, уларни ўқишга жалб қилиш орқали фикрлаш доирасини кенгайтириш, миллий қадриятларни улуғлаш ҳамда замонавий технологиялар орқали ўқиш жараёнини янада жозибадор қилишдан иборат, – дейди Ўзбекистон болалар ташкилоти вилоят бўлими бошлиғи Манзура Хўжаева. – Шунингдек, болаларни мутолаага ошно қилиш, ота-оналарни ўқув жараёнига жалб этиш ва оилавий ўқиш маданиятини ҳам шакллантиради.
Танлов иштирокчилари “Мутолаа” иловаси орқали тест ҳамда квест топшириқларини ечиш синовларидан ўтказилди. Билимлари синалган 7-10, 11-14 ёш тоифасидаги иштирокчилар орасидан энг юқори балл олганлар аниқланди.
[gallery-29102]
Натижаларга кўра, 7-10 ёш тоифасида Қўшкўпирлик Алибек Расулов тенгдошлари орасида биринчи ўринни эгаллади.
Танловда Боғот тумани ёш китобхонлари номидан иштирок этган Нурмуҳаммад Шерматов эса 11-14 ёшлилар ўртасида ғолиб бўлди.
Барча иштирокчилар диплом, ташаккурнома, китоблар тўплами билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари