Хоразмда энг фаол ёш китобхон оила аниқланди
Урганч шаҳридаги ёшлар марказида “Ёш китобхон оила” танловининг Хоразм вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловнинг қуйи босқичларида 11 мингдан ортиқ ёш оилалар иштирок этган. Вилоят босқичида эса улар орасидан ғолибликни қўлга киритган жуфтликлар ўз билим ва савияларини синаб кўришди.
[gallery-25637]
– Бу йилги танловда олдингиларига қараганда жуда кўп ёш оилалар иштирок этишди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Тимур Жуманиёзов. – Оилаларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ҳар бир оила аъзосини китоб мутоласига кенг жалб этиш, улар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ фазилатларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган танловда вилоятнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган ёш оилалар белгиланган талаблар асосида ўз билимини синовдан ўтказди.
Танловнинг “Бадиий асарлар билимдони” ҳамда “Тезкор савол-жавоб” шартлари бўйича энг юқори натижаларга эришган хонқалик Ўриновлар оиласи учинчи, гурланлик Назарбоевлар оиласи иккинчи ва Тупроққалъа туманидан қатнашган Ражабовлар оиласи биринчи ўринни эгаллади.
Ғолиб бўлган китобхон ёш оила танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари