Хоразмда “Долзарб бир ойлик” тадбирлари
Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги “Маҳаллаларда томорқалардан унумли фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги фармойишига асосан мамлакатимизда “Долзарб бир ойлик” сафарбарлиги эълон қилинди.
Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида Рақобат қўмитаси раиси Х. Тўрахўжаев бошчилигида ишчи гуруҳи Хоразм вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарларига ташриф буюрди.

Ишчи гуруҳи ҳудудларда олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида дастлаб Ҳазорасп, Янгиариқ, Тупроққалъа ва Хонқа туманларининг 20 га яқин маҳаллаларига борди. Унда ижтимоий масалалар, хусусан, томорқа ер майдонларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, юқори даромадли маҳсулотлар етиштириш, кўчат экиш ва иссиқхоналар қуриш, қабристонларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан яқиндан танишилди. Томорқа хўжалиги ва суғориш тизимида юзага келаётган муаммолар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Мисол тариқасида Тупроққалъа туманининг Ёшлик ва Пастом маҳаллаларида аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш учун ариқларни бетонлаштириш, Ҳазорасп туманидаги Боғдор маҳалласида истиқомат қилувчи фуқароларнинг далаларини суғориш учун оқова сув тармоғи ўтказиш бўйича бошланган ишларни жадаллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Шунингдек, Янгиариқ туманидаги Собурзон, Янгиобод, Янгиер, Уйғур ва Жалоил маҳаллаларида ўтказилган ташриф давомида аҳоли билан суҳбатлар олиб борилиб, уларнинг муаммолари ҳамда таклифлари тингланди.
Мисол учун Собурзон, Янгиобод ва Хўжалар маҳаллаларида аҳоли томорқалари ва дала майдонларидаги экинларни суғориш учун ариқларни бетонлаштириш ҳамда оқова сув қувурларини ётқизиш бўйича бошланган ишлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Учрашувлар давомида бундай ишларни самарали ташкил этиш мақсадида ҳар бир маҳаллага етакчи тадбиркор, уста деҳқон ва агрономлар бириктирилди. Шунингдек, маҳаллаларнинг гузарлари ва кўчаларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Хонқа туманидаги Истиқлол, Ватанпарвар, Тома, Баркамоллик, Гулшан ва Мустақиллик маҳаллаларида бўлиб, аҳоли яшаш шароити, хонадон томорқалари, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни суғориш тармоқлари, зарур техника жиҳозлари билан боғлиқ ҳолатлар ўрганиб чиқилди. Бу каби тадбирлар, одатда, томорқа фаолиятини тартибга солиш, оилавий хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, маҳсулдорликни ошириб, аҳоли даромади ошишида муҳим аҳамият касб этади.
Сув таъминоти оғир бўлган маҳаллалардаги каналларни бетонлаштириш, насос ўрнатилиши каби долзарб масалалар кечиктирилаётгани маълум бўлди. Шунингдек, тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва касалманд оилаларга зарур бўлган тиббий жиҳозлар етказиб берилмагани каби ҳолатларга танқидий баҳо берилиб, масъул раҳбарларга қўмитанинг аниқ кўрсатма ва топшириқлари берилди.
Бундан ташқари, ҳудудда аҳолининг электр энергияси, газ таъминоти, ичимлик суви ва чиқинди ташиш, ички йўлларни таъмирлашга доир ўнлаб мурожаатлари жойида қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Ишчи гуруҳ ташриф буюрган барча маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича мевали ва манзарали дарахтлар, бута ва гул кўчатлари экиш бўйича ташкиллаштирилган ишлар ҳамда тумандаги ўнга яқин қабристон ва зиёратгоҳларда олиб борилаётган реконструкция ишлари билан ҳам танишди.
Н.Раҳмонова, ЎзА