Хоразм жамоаси Президент олимпиадасида яна пешқадам
Бугун, 5 ноябрь куни “Президент олимпиадаси”нинг ўнинчи мусобақалар кунида спортчилар 6 та йўналишда ўз имкониятларини синовдан ўтказишади.
Хусусан, Чирчиқдаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуасида ёш боксчилар ярим финал жангларида иштирок этса, “Олимпия шаҳарчаси” спорт майдонларида таэквондо, сузиш, теннис, соҳил волейболи, велоспорт баҳслари, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида голбол мусобақалари ташкил этилиб, кучлилар аниқланади.

Ортда қолган тўққизинчи кунги шиддатли беллашувлар сарҳисобига кўра, умумжамоада Хоразм вилояти жамоаси медаллар жамғаришда самарқандликларни ортда қолдирди.
Паҳлавон Маҳмуд юртдошлари 21 та олтин, 13 та кумуш ва 18 та бронза медали билан турнир жадвалида етакчига айланди. Самарқанд вилояти вакиллари 20 та олтин, 16 та кумуш ва 18 та бронза медали билан иккинчи поғонани банд этиб турибди.

Бугунгача “Президент олимпиадаси”нинг умумий ҳисобда 166 та медаллар жамланмаси ўз эгаларига топширилди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА