“Хоразм хонлари миллий таомлари” миллий таъмлар сайли
Хива шаҳридаги “Arda Xiva” туризм мажмуасида II халқаро “Хоразм хонлари миллий таомлари” гастрономик фестивали якунланди.
Иккинчи маротаба ўтказилган ва икки кун давом этган мазкур фестиваль хорижлик ва маҳаллий меҳмонларга Хоразм миллий таомлари, жумладан, ўтмишда хонларнинг сарой ошхонасида тайёрланган ноёб таомлари ҳақида маълумот олиш, уларнинг тайёрланиш жараёнларини кузатиш ва татиб кўриш имконини берди.
– Юртимизга келаётган меҳмонлар маҳобатли, тарихий ёдгорликлардан, ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналаридан, аҳолининг очиқкўнгил, меҳмондўстлигидан ва албатта, бетакрор миллий ошхонамизнинг тотли таомларидан ҳам завқ олишади, – дейди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Саидов. – Мазкур фестиваль эса Хоразм миллий ошхонасининг ўзига хос жиҳатларини кенг тарғиб этиш, миллий таомларни асраб-авайлаш ва уларни халқаро миқёсда оммалаштириш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.
Тадбирда Хоразмнинг кўп асрлик ошпазлик анъаналари, миллий таомларни тайёрлаш маҳорати ва ҳудудга хос бетакрор таъмлар кенг намойиш этилди. Хусусан, Хоразмча гумма, қапширма, ижжон, тухумбарак, шивит оши, кўк барак, қовоқ барак, Хоразм палови сингари миллий таомлар фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.
Фестиваль доирасидаги таом тайёрлаш жараёнларида иштирокчилар учун дегустация яъни татиб кўриш имконияти ҳам яратилди.
– Икки кун бўлди, ўзбек ошхонасидан лаззатланяпмиз, – дейди туркиялик сайёҳ Меҳмет Насуҳи Самли. – Гўзал дамлар бу. Икки миллат қардошмиз, дўстмиз. Бу ҳамжиҳатликни Хоразмда ёзилган дастурхонда ҳам кўряпман.
– Хивага бўлган бу галги саёҳатимиз бошқача бўлди, – дейди Швейцариядан келган сайёҳ Дорис Форлин. – Фестиваль ҳақида олдин эшитмаганмиз. Тасодифни қарангки, жуда ажойиб гастрономик фестивалга дуч келдик. Менга ва турмуш ўртоғимга ўзбек таомлари жуда ёқди. Бу ердаги мевалар, гўшт ва балиқ маҳсулотларининг таъмини дунёнинг бошқа жойларидан тополмайсиз. Ўзбеклар бизни роса меҳмон қилишди. Бундан жуда миннатдор ва хурсандмиз.
Фестиваль доирасида ташкил этилган павильонларда нафақат миллий, балки бошқа миллатларнинг ҳам таомлари тайёрланди. Ошпазлик, “Карвинг” санъати бўйича маҳорат дарслари ва турли маданий тадбирлар ташкил этилди.
Ҳар бир ошпазнинг маҳорати ва таомларнинг турлича таъмлари халқаро тоифадаги ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
– Фестивалга нафақат хоразмлик, балки бошқа вилоятлардан, ҳатто хориждан ҳам энг машҳур ошпазларни таклиф қилганмиз, – дейди Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси бош технологи, фестиваль бош ҳаками Толибжон Умаралиев. – Ошпазлар икки кун давомида беллашди. Улар биринчи кун тайёрлаган таомларини иккинчи кун такрорламайди. Бироқ, ушбу таомлар айнан Хоразм хонлари миллий таомлари бўлиши шарт. Шунингдек, мусобақа шартларидан ташқари ўзлари ҳам эркин тарзда энг мазали таомлар ва пишириқларни иштирокчиларга тақдим этишлари мумкин. Бу ҳам фестивалнинг энг гўзал ва ширин жиҳатларидан биридир.
Икки кун давом этган турли йўналишлар бўйича беллашувларнинг натижаларига кўра ғолиблар эълон қилинди.
Биринчи ўринни Урганч шаҳридаги “Салтанат”, “Гавҳар” ресторанлари ва Сурхондарё вилояти ошпазлар жамоаси қўлга киритди.
Иккинчи ўрин Хива шаҳридаги “Мирзабоши” ресторани, “Фаровон” меҳмонхонаси жамоалари ва Хоразм ошпазлар академияси вакиллари Мухлиса Ражабова ҳамда Сарабиби Ўразметовага насиб этди.
Учинчи ўринга Хоразмнинг “Илдиз миллий таомлари”, “Олимп”, “Айвон” ресторанлари, “Меркуре” меҳмонхонаси ҳамда Навоий вилояти ошпазлари жамоалари лойиқ кўрилди.
– Кейинги йилларда вилоятимизга келаётган сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда, – дейди ошпаз Гули Мухторова. – Хусусан, бизнинг ресторанимизга ҳам маҳаллий хўрандалардан ташқари хорижий сайёҳлар ҳам кўп ташриф буюради. Улар асосан миллий таомларимизни буюртма қилишади. Бизнинг қадимий таомларимиз уларга жуда манзур бўлади. Кўпчилиги Хоразмга айнан таом тановул қилиш ва янги таъмларни татиб кўриш учун келаётганини таъкидлашади. Таомларимизнинг мазаси юртимизда етиштирилган маҳсулот ва масаллиқларнинг ўзгача таъми билан боғлиқ. Бунда албатта кўп асрлик овқат тайёрлаш анъаналари, услуб ва техника ҳам муҳим ўрин тутади.
[gallery-31527]
Икки кун давомида қадимий Хива тарих, маданият ва бетакрор миллий таъмлар уйғунлашган гастрономик масканга айланади.
Фестиваль доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар учун Хонқа санаторияси ва “Лазги” музейига махсус инфотур ҳам ташкил этилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(Сурат),
ЎзА мухбирлари