Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Чоршанба – фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғинлар профилактикаси куни” доирасида Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан семинар ташкил этилди.

Унда талабаларга ёнғин хавфсизлиги қоидалари, фавқулодда вазиятларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш ҳамда талабалар турар жойларида электр ва газ ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш бўйича муҳим тушунчалар берилди.

Шунингдек, огоҳликни оширишга қаратилган махсус профилактик видеороликлар намойиш этилди.
***
Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Кўпал Тангрибердиев раҳбарлигида вилоят даволаш-профилактика муассасалари, туман-шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Мазкур йиғилишда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, тизим фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида соҳада йўл қўйилган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли қатъий топшириқлар берилди.
***
Қўшкўпир туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда уларни мактаб таълимига тайёрлашга қаратилган машғулотлар изчил олиб борилмоқда.

Машғулотлар жараёнида болаларнинг ёш хусусиятлари инобатга олиниб, турли дидактик ўйинлар, қизиқарли топшириқлар ва интерфаол усуллардан фойдаланилмоқда. Бу эса тарбияланувчиларнинг мустақил фикрлаши, нутқи, ижодкорлиги ва атроф-муҳит ҳақидаги тасаввурларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
***
Пойтахтимиз Тошкентда ўтказилаётган гандбол бўйича аёллар жамоалари ўртасида ташкил этилган 2026 Women's IHF Nations Trophy Asia – Zone 3 босқичининг иккинчи кунининг охирги баҳсида Ўзбекистон ва Покистон жамоалари майдонга тушди. Бу гал ҳам қизларимиз рақибаларига имкон қолдирмади. Гандболчиларимиз 46:8 ҳисобида ютуққа эришди.

Хоразм вилояти спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби жамоаси вакиласи Илмира Байжанова мазкур учрашувнинг “Энг яхши ўйинчиси” деб топилди.
А.Шокиров, ЎзА мухбири