Хоразм шароитида Девзира гуручи синовдан ўтмоқда (+видео)
Шоличилик илмий тадқиқот институти Хоразм филиалида Девзиранинг "Оқ ва Қора қилтиқли" навларини парвариш қилиш бўйича агротехнология ишлаб чиқилди. Лойиҳа муваффақиятли ўтса, ушбу нав кенг майдонларда кўпайтирилади.
Маълумки, гуручнинг ушбу нави донининг юқори сифати, хуштаъмлиги, пишириш хусусиятлари ҳамда миллий таом - ўзбек паловини тайёрлаш учун энг муносиб бўлгани боис халқимиз севиб истеъмол қилади. У асосан Фарғона водийсининг табиий шароитларига юқори даражада мослашган. Шундай бўлса-да ҳозирда Хоразм иқлим шароитига мос навлар синовдан ўтмоқда. Ўсимликларни парваришлаш ишлари Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг агротехник тавсиялари асосида олиб борилмоқда. Дастлабки тадқиқот натижаларига кўра, ҳар иккала нав ҳам Хоразм ерлари ва иқлимига мослаша бошлаган.
- Хоразм вилояти шароитида ушбу навни кенгайтириш, унинг агротехникасини ишлаб чиқиш борасида илмий изланишларни йўлга қўйганмиз, - дейди қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Лутфулла Мирзаев. – Асосан ушбу изланишларимизни Девзиранинг “Оқ қилтириқ” ва “Қора қилтириқ” навларини экиб, икки хил муддатда 25-май ва 10-июнда экиб, парвариш қилиб келиняпти. Дастлабки олинган маълумотларга асосланиб шуни айтишимиз мумкинки, ҳар икки муддатда ҳам шолимиз жадал ўсиб, ривожланди. Ҳамма фазаларда ўзининг ёнидаги стандарт навларга нисбатан яққоллик хусусиятларини кўрсатиб келмоқда. Ўйлаймизки, ушбу шоли навлари келажакда ўз самарасини беради. Бошқа йўналишларда ҳам ҳосил якунига қадар илмий таҳлилларни олиб борамиз.
Сўнгги йилларда илм-фанда молекуляр генетика, геномика ва замонавий селекция усулларининг ривожланиши маҳаллий шоли навларининг имкониятларини кенгайтирмоқда. Шу нуқтаи назардан Девзира нави янги шароитга мослашиши селексия ишларидаги чуқур ўрганишларнинг амалий самарасидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/C7yGF1Zxex0" title="Xorazm sharoitida Devzira guruchi sinovdan o‘tmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Искандар Исматов, ЎзА